Жамият | 12:05 / 16.02.2016
5653
4 дақиқада ўқилади

Америкалик изланувчилар халқаро вақтлар аро тафовутдан воз кечишни таклиф қилди

Вақтлар аро тафовутлар йирик корхона, ташкилотларга муаммолар туғдиради. Дунёнинг бир қисмида иш соатлари тугаса, иккинчи бир қисмида эндигина иш бошлашади. Электрон мактубларга жавоблар кейинги иш кунига келади.

Умумий халқаро мажлислар учун нейтрал ҳудудни танлашга тўғри келади. Вақти фарқ қиладиган бошқа жойдан келганлар “жетлаг”га дуч келадилар – организм бирмунча “эски” вақт бўйича ”яшайди”, биоритмлар бузилиб, умумий аҳволнинг ёмонлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Бутун дунёда вақт умумжаҳон мувофиқлаштирилган вақт асосида ҳисобланиб, унинг бошланғич нуқтаси Гринвич меридианидир. Ҳозирги вақт тизимига Буюк Британияда темир йўлларнинг ривожланиши сабаб бўлган бўлиши мумкин, чунки ундан аввалги вақт тизими (қуёш асосида) поезд жадвалида турли тушунмовчиликларга сабаб бўлган.

Россияда 2014 йилдан 11 соат минтақаси ўрнатилган. Якутиянинг ўзида уч хил соат минтақаси мавжуд. Лекин барча шаҳарлар пойтахт вақти билан иш кўришга мажбур бўладилар.

Баъзан янги соат минтақасини киритиш сиёсий аҳамият ҳам касб этади. 2015 йилнинг августида Шимолий Корея Япониядан озод бўлганларининг 70 йиллиги муносабати билан мамлакат соат вақтини ярим соат олдинга суриб ўз вақт минтақаларини туздилар.

Мэриленд штати Жон Хопкинс Университетида дарс берувчи икки изланувчи - иқтисодчи Стив Хэнк ва физик Ричард Генри бутун дунёни ягона вақт минтақасига ўтказиш ҳақида ташаббус билдиришди. Уларнинг фикрича, дунёда соат минтақасини асосан сиёсий мақсадларда ўзгартирилади. Ягона соат минтақаси тизимига ўтишга асосий сабаб эса: интернет.

Интернет майдон ва вақт тушунчаларини деярли йўққа чиқарди ва бизни дунё учун бир хил вақт тизимига ўтишимизга замин яратди.

Медведев Россия президенти бўлган даврларда мамлакатда вақт тафовутларини қисқартиришга уринган, лекин Госдума тўрт йилдан сўнг унинг бу харакатларини рад этди. Кризис даврида иқтисодий мақсадларда Индонезия ўзининг уч соат минтақалардан иккитасидан воз кечиб, ягона Сингапур вақтига ўтган.

Лекин ягона соат минтақаси ўзига яраша ноқулайликлар туғдиради. Бутун дунё одамлари ўз одатларини ўзгартиришларига тўғри келади. Нью-Йоркда эрталаб соат саккизда ёруғ бўлади, Москвада эса бу пайт қош қорайишни бошлайди, демак россияликлар тахминан ярим кечаси уйғонишига тўғри келади.

Умуман олганда, ягона соат минтақасини фақатгина онлайн оламдагина тадбиқ қилиш мумкин.

Оммавий ягона соат минтақасини ташаббускорлар 2018 йилнинг 1 январига қадар йўлга қўймоқчилар, уларнинг режалари бўйича ўша пайтдан универсал тақвим ҳам тадбиқ этилади, албатта, уни қабул қилишса.

Бу тақвимнинг ўзига хослиги унинг мўътадиллигидадир. Яъни, ҳар янги йил душанба 1 январдан бошланади, уч ой (30 кун, 30 кун ва 31 кун)лик уч фаслга бўлинади ва 364 кун давом этади. Беш-олти йилда бир марта (2020, 2026, 2032, 2037, 2043, 2048 йилларда ва ҳ.к.) астрономик вақт ва тақвимдаги йиллар билан тафовутини ўрнини босиш учун битта қўшимча ҳафта қўшилади.