Жаҳон | 00:16 / 01.03.2016
3252
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда фарзандликка олиш жараёнини қатъийлаштирувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда

Айни вақтда Қозоғистон парламентининг сенатида қозоғистонлик болаларни фарзандликка олиш қоидаларини қатъийлаштирувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда, деб маълум қилди РИА “Новости” ахборот агентлигига Қозоғистон таълим ва фан вазирлигининг болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Забира Ўразгалиева.

Ўразгалиеванинг айтишича, сенатга "Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича баъзи қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун киритилган.

"Парламентда фарзандликка олиш бўйича агентликлар ва фарзандликка олиш масалалари бўйича талабларни қатъийлаштирувчи бир қатор тузатишлар кўзда тутилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Унда, жумладан, агентликнинг аккредитация олиш учун жавобгарлиги ва мажбуриятлари, болаларга яшаш шаротини яратиш бўйи жавобгарлик кўзда тутилган", деб айтди Ўразгалиева.

Ўразгалиева маълумотларига кўра, Қозоғистонда ҳозирда болалар уйида 8060 нафар бола тарбияланмоқда. Қонунга кўра, қозоғистонлик болаларни яқинлари ҳамда Қозоғистон фуқаролари орасида фарзандликка оладиган ҳеч ким топилмаса, уларни хорижликларга беришга рухсат берилган. Хорижликлар орасида АҚШ ва Испания фуқаролари қозоғистонлик болаларни кўпроқ боқиб қолган.

26 февралда АҚШнинг Вашингтон штатидаги Белфэйр шаҳарчасида Дэвид Кэмпбелл исмли кимса ўзининг рафиқаси ва у томонидан боқиб олинган, 16 ва 18 ёшли Тори ва Куинн исмли ўғил болаларни отиб ташлаган. Қозоғистон ҳукумати маълумотларига кўра, болалар 2002 йилда 3 ва 5 ёшликларида АҚШ фуқаролари томонидан фарзандликка олинган. Болалар фарзандликка олингандан кейин охирги марта улар ҳақидаги ҳисобот 2003 йилда берилган. АҚШ томонидан бундай ҳисоботларнинг тақдим қилинмагани сабабли 2012 йилдан ҳозирги кунгача АҚШ фуқаролари томонидан Қозоғистондан бирорта бола ҳам боқиб олинмаган.