21:34 / 03.03.2016
5266

Қозоғистонликларга уйларининг олд томонидан кондиционер ва антенналарни олиш мажбурлаб қўйилмоқда

Қозоғистонликлар архитектура ва шаҳарсозлик бўлимларидан шаҳарларнинг муҳим кўчаларида жойлашган уйларнинг олд томонларидан кондиционерлар ва сунъий йўлдошлар антенналарини демонтаж қилиш сўралган огоҳлантириш мактублари ола бошладилар, деб хабар бермоқда Zakon.kz нашри.

Амалдорлар бу талабларини Қозоғистон иқтисодиёт вазири томонидан имзоланган буйруқ билан асосламоқдалар.

Ҳужжатга кўра, бинолар, иншоотларнинг архитектуравий услубини бузишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, шаҳарларнинг магистрал ва транзит кўчаларида жойлашган кўп хонадонли турар-жой бинолари, тарихий-маданий мерос объектларининг олд томонларида, архитектура деталлари устидан, безак элементлари, архитектуравий-декоратив безак устидан кондиционерлар ва суъний йўлдош антенналари, рухсатномага эга бўлмаган алоқа операторларига тегишли антенналар жойлаштириш тақиқланади.

Огоҳлантириш мактубларида агар ободончилик қоидалари бузиладиган бўлса, яъни кондиционерлар ва лицензиясиз антенналарни ечишдан бош тортиш учун катта миқдорда жарималар кўзда тутилган.

Мисол учун, бундай қоидабузарлик учун жисмоний шахслар 20 та минимал иш ҳақи (42420 танга), кичик тадбиркорлик субъектлари ёки нотижорат ташкилотлари 30 та минимал иш ҳақи (63 630 танга), ўрта тадбиркорлик субъектлари 40 та минимал иш ҳақи (84 840 танга), йирик тадбиркорлик субъектлари 100 та минимал иш ҳақи (212 100 танга) қийматида жаримага тортилиши мумкин.

Агар қоидабузарлик йил давомида яна такорланадиган бўлса, жарималар янада каттароқ қийматда ундирилади.

Top