“Мажнун”: ўзбек киноси қайта уйғонмоқда
Фильмгача.
2016 йил 6 март. Якшанба. Дам олиш куни бўлишига қарамай, Алишер Навоий номидаги киносарой ҳовлиси одамлар билан лиқ тўла эканини кўриб, “Мажнун” кўпчиликда катта қизиқиш уйғота олганини англаш қийин эмасди. Роса “ноғора” қилинган фильмнинг қандай чиққани билан боғлиқ савол томошабинлару киночилар нигоҳида акс этиб турарди.
Тан олиш керак, ташкилотчилар премьерага алоҳида тайёргарлик кўрган. Ижодкорлар қизил йўлакчаларда саройга кириб келишди(доим ҳам бу кузатилавермайди).
Зал эса одамлар билан лиқ тўла. Ўтиришга жой йўқ. Айримлар тик туриб, томоша қилишга ҳам рози. Хайрон қоладиган томони шуки, бир хил рақамлар бир неча таклифнома-чипталарда. Тўғриси, бунинг сабабини англолмадик. Майли, ҳар ҳолда премьерага шунчалик катта қизиқиш бўлгани учун хурсанд бўлақолайлик(қанийди барча миллий фильмларга шундай қизиқиш бўлса).
Киноижодкорларни таништириш маросими доимгидек ўтди. Фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов ўз сўзида Улуғбек Қодиров билан боғлиқ можаролару миш-мишларга ойдинлик киритишни ҳам унутмади(премьерадан аввал “режиссёр ва Улуғбек Қодиров судлашаётганмиш” қабилидаги гап сўзлар болалаганди). Бошловчи Акмал Мирзонинг шу мавзудаги саволига “Судлашув тугади, айбдор бўри жазоланди”, дея ҳазил аралаш жавоб берди.
Ана энди фильм ҳақида.
Жаҳонгир Аҳмедовнинг доимий комедияларига кўникканлар ундан бунчалик жиддий фильм кутишмагани аниқ. Шу жиҳатдан серқирра ижодкорни бу шижоат билан табрикласак бўлади. Ора-чорада зални зарурият юзасидан тарк этганларни ҳисобга олмаганда, деярли ҳамма фильмни охиригача томоша қилди. Демак, кинокартина томошабинни ушлаб тура олди.
Фильм меҳварида муҳаббатга садоқат туйғуси туради. Ҳар бир образнинг ўз юки, дил оғриқлари, кичик бўлса-да, фожиаси бор. Бош қаҳрамон собиқ футболчи Сардор Комилов (Улуғбек Қодиров), журналист Ирода (Асал Шодиева), наркотикага ружу қўйган Нодир (Элёр Ҳошимов), чўпон Қилич (Муҳаммадисо Абдулҳайиров)дан тортиб, Асад чўпон(Матёқуб Матчонов) ва Қиличнинг хотини(Раъно Шодиева)гача.
Фильмдаги образларни кузатиб, “нега бундай” деган саволга керакли жавоб олдик. Масалан, гиёҳванд йигит. Бир қиз, яъни Ироданинг унга турмушга чиқмагани, 3 йил совчиларини қайтаргани учунгина Нодир наркотикка берилдими ёки фақат севги сабаб жонига қасд қилдими, деган табиий савол туғилди. Ишонарсизроқ сабабдек, гўё. Аслида эса, унинг исёнига биргина муҳаббат сабабчи эмас экан. Тажанглик, қўрслик, исён оилавий муаммолар, болаликдаги фожиаларга бориб тақалиши фильм якунида аён бўлди.
Режиссёр фильмдаги диалогларни жуда зийраклик билан қурган. Кўпинча томошабинда туғиладиган табиий саволларга, у зум ўтмай, жавоб бериб кетади. Масалан, бедарак йўқолган футболчини қидириб яйловга борган журналист қиз ва Асад чўпоннинг илк диалогида ҳудди шундай ҳолат кузатилади. Ўзидан ёши улуғ чўпон билан гаплашаётган шаҳарлик қиз(қора кўзойнак тақиб олган) ундан йўқолган футболчи ҳақида сўрайди. Чўпон йигитнинг ўлганини айтади. Қиз эса ишонмай,“Ёлғон гапириш сизга ярашмас экан”, дейди. Шу ерда томошабин муштдек қизнинг бундай кутилмаган “айблов”ига керакли жавоб кутади. Жавоб эса кутилмаган тарзда янграйди: “Шим кийиш қиз болага ярашмайди. Қиз бола лозим кийгани маъқул”. Тўғри, ҳамма ҳам бу фикрга қўшилмаслиги мумкин. Аммо кўпни кўрган, миллий қадриятларига содиқ чўпон ҳақ гапни айтди. Режиссёр одоб ҳақида узундан-узоқ ваъзхонлик қилмай, икки-уч оғиз гап билан қизга танбеҳ бера олди. Шу жойда залда гулдурос қарсак янгради. Бу вазиятга халқнинг холисона муносабат, аслида.
Шу вазиятда ўзидан катта одам билан қора кўзойнагини ечмасдан гаплашаётган қизга ғашингиз келиб туради. “Режиссёрнинг, наҳотки, шунга ҳам ақли етмаган”, деган фикр хаёлингиздан “лип” этиб ўтади. Зукко режиссёр эса, бунга қаҳрамон тили билан жавоб беради: “Ўзидан катталар билан гаплашаётганда, кўз ойнакни ечиб гаплашилади”, деб ёш қизни уялтиради.
Бундай вазиятни фильмда етарлича топиш мумкин. Воқеалар ривожи суст кечса-да, секин-аста образлар билан боғлиқ тугунлар ечила боради. Муҳаббати сабаб, олис-олисларга бош олиб кетган, ўлиги ҳам, тириги ҳам номаълум бош қаҳрамонни журналист қиз ҳаётга қайтара олди. Режиссёр ишқилиб икковини бахтли қилиб юбормаса бўлди, деган фикрга келасиз. Севги сабаб, жунунга, телбага айланган Сардор (Улуғбек Қодиров)“Ёқтирганингиз борми”, деб сўраганида, “Қўй-е, Нортой”, деворасиз. Хотинини бир пасда эсидан чиқарвордими?! Бу ёғи Голливуду Болливуд стилидаги “Happy end” бўлди-ку, деб, куласиз. Буни олдиндан сезган режиссёр эса дарҳол йўлни ўзгартириб, сизни уялтиради...
Айтиш керакки, фильм буткул драматик кайфиятда эмас. Орада Асқар Ҳикматовнинг қаҳрамони чиқиб, томошабинга енгил табассум улашиб туради. Нари борса, 3-4 марта кўринган бу образ фақатгина кулгу улашиб қолмаган. Бош қаҳрамон ҳақидаги илк муҳим маълумотни журналист қизга айнан шу образ етказади. Шунингдек, қизни у ҳазиларалаш гапи билан мақсад сари олға интилишга ундайди. Бунақа образларни фильмдан етарлича топиш мумкин.
Мажнунлик. Бу фильмда жунунлик қисматига маҳкум битта эмас, назаримизда. Сардор, Нодир, Қилич—тақдир уларнинг барчасини шу қисматга маҳкум қилган.
Актёрлар ижроси.
Фильмнинг актёрлар ансамбли яхши йиғилган: Улуғбек Қодиров, Асал Шодиева, Матёқуб Матчонов, Муҳаммадисо Абдулҳайиров, Элёр Маҳкамов, Раъно Зокирова, Раъно Шодиева, Элёр Носиров, Шоҳида Исмоилова, Соҳиб Аббосхон ва бошқа ёш актрёлар.
Улуғбек Қодиров ўз “репертуари”да. Камгап, садоқатли, хижрондан жунунга айланган ошиқ. Ўз образини яхши ижро этган.
Асал Шодиева “улғаймоқда”. Севги-муҳаббат мавзуидаги образларида гавдаланувчи ёш қизалоқ жиддий образларни талқин этишга киришгани сезилди.
Матёқуб Матчонов ҳам янаям жиддийлашмоқда. Киноларда томшабинларни кулдириб юрадиган актёр бу сафар ўз салобати билан сизни “ҳуркитади”.
Муҳаммадисо Абдулҳайиров умуман жиддий. Бугунги киноафишларнинг барчасида уни учратасиз ва барчаси ўхшаш комик образ: телба-тескари фикрлар, кулгули ҳатти-ҳаракатлар. Аммо “Мажнун”да ундай эмас. Муҳаббати армонга айланган қўрс чўпон. Ярашган.
Операторлик иши.
Ҳа, фильм оператори кенг яйловларда яйраб ишлагани сезилиб турибди. Унинг ижодига “беш” баҳо қўйиш мумкин. Планлар ўзгариши, детализация, улкан яйдоқ яйловлар тасвири, образларнинг кайфиятини ифода этган нур ва соялар—барчаси таъсирчан. Айниқса, тунги тасвирлар. Актёр юлдузлари чарақлаб турган осмон остида от чоптириб боради. Тасвир жуда гўзал. Гўё қўл узатиб, юлдузларни тутиб олиш имкони бордек. Томошабинларнинг тасвирларни кўриш чоғидаги ҳайратлари буни исботлай олди. “Гап кўп, кўмир оз” деганларидек, яхшиси, буни кўриш керак.
Мусиқа.
Таниқли композитор Дониёр Агзамов шу кетишда Томас Ньюманга етиб оладиёв(тўғри-да, одам қилган ишни одам қилади). Фильм мусиқалари образлар характери ва воқеалар баёнида муҳим роль ўйнаган. Ўзбек режиссёрларини мусиқага жиддий эътибор бераётгани ишга бўлган профессионал ёндошувдан дарак бермоқда. Буни фақат олқишлаш керак.
Хулоса.
Ҳа, ўзбек киноси қайта уйғонмоқда. Маълум даврлар бўлди: ҳамма кинога қўл урди, ҳамма ўзини синаб кўрди. Бемаза қовуннинг уруғидек кўп ва бемазмун фильмлар урчиди. Айниқса, хусусий фильмлар. Бироқ аста-секин ижодкорлар сараланмоқда. Тасодифий одамлар камайиб бораяпти. Кассага ишқибозлик касали чекинмоқда. Савияли, сифатли фильмлар кириб келаяпти. Қувонарлиси, фильмлар қайнона-келин сингари маиший, майда, сийқа мавзулардан қутулмоқда.
Камчиликлар: “йўқ” десак, муболаға бўлади. Юқорида таъкидланганидек, воқеалар секин ривожланган. Бош қаҳрамон Ироданинг гиёҳванд йигитга бўлган асл муносабати мавҳум. Севадими, йўқми, деган саволга жавоб йўқ. Балки, фақат менга шундай туюлгандир?! Бўрилар билан боғлиқ саҳналар етарли даражада эмас. Буни янада фаоллаштириш керакмиди?!
Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Мажнун” фильмини сифатли кино асарлар сирасига киритиш мумкин. Умумий қилиб айтганда, жамоа яхши ишлаган ва кўримли фильм яратган. Фильм географияси ҳам катта. Муаммони декорациялар билан ҳал қилишга уринилмаган. Табиийликка интилиб, тоғни тоғда, боғни боғда олган.
P/S: Одамлар шунчалик кўплигидан, фильмни тик оёқда туриб, кўришга тўғри келди. Менга “қисматдош” залда кам эмасди. Ижодкорлар гуруҳи ҳам шулар жумласидан. Қўшиқчи Шоҳруххон, Асал Шодиева, режиссёр Рустам Саъдиев ҳам тик оёқда туриб, охиригача томоша қилди. Бундан ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг. Хуллас, “Ўнта шап-шапдан, битта шафтоли яхши”, деганларидек, яхшиси, вақ топиб, фильмни кинотеатрда ўзингиз томоша қилинг!
Муслим Мирзажонов,журналист