Жаҳон | 15:41 / 07.03.2016
4826
2 дақиқада ўқилади

WP: Туркия ва АҚШ Сурия чегараси яқинида махфий тарзда мувофиқлаштириш маркази ташкил этган

Туркия АҚШ махсус хизматлари (хусусан МРБ) билан ҳамкорликнинг кенгайтирган ва махфий тарзда мувофиқлаштириш маркази тузган. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар тарқатган.

Ўтган йили Туркия ўз ҳудуди орқали ўтадиган террорчиларга қарши кенг кўламли ҳаракатларни бошлади. Йирик аэропортлар ҳамда транспорт йўлларида назорат кучайтирилди, Сурия билан чегараларда янги тўсиқлар ўрнатилди.

Нашрнинг ёзишича, Туркия ҳукумати қочқинлар ичида ўз ҳудудига ИШИД жангарилари кириб келишидан хавфсирайди.

Туркия бу ҳаракатлар доирасида АҚШ Марказий разведка бюроси ҳамда бошқа махсус хизматлар билан ҳамкорликни кучайтирган.

МРБ директори Жон Бреннан бир неча марта Анқарага ташриф буюрган. Унинг охирги ташрифи шу йилнинг январида амалга оширилган ва ўзаро учрашувда террорчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама қилинган. МРБ ва Туркия разведкаси (MIT) Сурия чегаралари яқинида махфий тарзда мувофиқлаштириш маркази ташкил қилгани айтилган.

Нашрнинг қайд этишича, икки давлатнинг махсус хизматлари ҳамкорлиги террорчиликка қарши кураш доирасида бўлиб, америкаликларнинг дронлари доимий равишда Инжирликдаги авиабазада Сурия ҳудудига парвозларни амалга ошириши ҳам кузатилган.

Шунингдек, бу ҳамкорлик натижасида Сурия сафига янги ёлланма кучларнинг келиб қўшилиши ҳажми 3 баробар камайгани қайд этилган.

Бундан олдинроқ, АҚШ Сурия шимолида, курдлар назоратидаги ҳудудда яна бир авиабаза қураётгани ҳақида хабар пайдо бўлганди.