Жаҳон | 20:29 / 13.03.2016
1484
2 дақиқада ўқилади

Нетаньяҳу: Исроил "олтилик" давлатларини баллистик ракеталар синови учун Эронни жазолашга чақиради

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг маълум қилишича, Исроил "олтилик" давлатларини баллистик ракеталар синовини ўтказгани учун Эронни жазолашга чақиради. Бу ҳақда у ҳукуматнинг йиллик йиғилиши чоғида маълум қилган.

"Бундай бўлиши тўғри эмас. Баллистик ракеталарни синовдан ўтказгани учун Эрон тегишлича жазосини олиши керак", дейди Нетаньяҳу.

Унинг айтишича, Исроил ТИВ жаҳоннинг йирик давлатларига Эроннинг ядровий келишув бўйича зиммасига олган мажбуриятлари бажарилиши таъминланишини сўраб мурожаат қилади. Унинг айтишича, Эрон бу синовлар орқали БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюциясига зид иш қилди. У "Катта олтилик"нинг бу бўйича муносабатини сабрсизлик билан кутишини билдирган.

Бундан олдин ҳам Исроил ТИВ халқаро ҳамжамиятдан Эрон томонидан баллистик ракеталарнинг синовдан ўтказилишига қаршилик кўрсатишни сўраганди.

"Бу ракеталарнинг таъсир қилиш масофаси Яқин Шарқ ва Исроил учун таҳдидли ҳисобланади", дейилганди ТИВ баёнотида.

9 март куни Эрон ҳарбий ўқув машқлари доирасида баллистик ракеталарни бир неча марта синов тариқасида учириб кўрганди.