Жамият | 11:44 / 14.03.2016
2823
4 дақиқада ўқилади

Тиланчи Қуръондан пул топиш учун фойдаланаётгани танқид остига олинди

Сайт ўқувчиларидан бири таҳририятга мактуб ёзиб, кўча-кўйдаги тиланчининг Қуръон оятларини ўринсиз тиловат қилиб, пул топишда фойдаланаётганидан шикоят қилди.

Қуйида бу мактуб ўзгартиришларсиз нашр этилган.

Бир неча кундан бери ўзимга кела олмаяпман. “Тўғри қилдимми ёки нотўғри?”деган саволни ўзимга ўзим бериб, жавоб топишга уринаяпман.

Воқеа бундай бўлди. Автобусда ишга келаётган эдим. 25-30 ёшларда бўлган барзанги, тўрт мучаси соғ бир йигит (бу йигит кўпчиликка отни қашқасидек яхши таниш) олди эшикдан чиқиб, Қуръондан тиловат қилди-да, онаси вафот этганини, отаси ташлаб кетганини, синглиси оғир аҳволда касалхонада эканини айтиб, имкон қадар ёрдам кўрсатишларини сўради. Кимдир (асосан тиланчи йигит тенги ўсмирлар,талабалар) 500 сўм, кимдир 1000 сўм берди. Бир бекат юрар-юрмас, тиланчи 15-20 минг сўм тўплашга улгурди. Орқа эшикдан тушаётган эди, уни тўхтатиб, “садақа сўраш билан йигит деган номни шарманда қилаётгани, бир неча йилдан бери шу ишни қилиб келаётганини билишимни, энди катта бўлгач бирор бир юмушни бошидан тутиб, тиланчиликни ташласа яхши бўлишини” масалаҳат бердим. Қуръон тиланчилик учун эмас, инсониятни эзгу ишларга бошлаш учун туширилганини, бундан кейин тиланчилик қилаётганда Қуръон оятларини ўқимаслигини, бошқа дин вакиллари буни нотўғри тушунишларини айтдим. Аммо ўгитларим зое кетди. Кўзимга бақрайиб, бошқаларнинг ишига аралашмаслигимни, оғир касаллиги боис шу ишни қилаётганини айтиб, автобусдан тушиб қолди.

Йўловчилардан айримлари тиланчи йигитнинг ёнини олишиб, “асабимни асрашимни” маслаҳат беришди. Бу каби дашномлардан тиланчи йигит эмас, мен хижолат бўлдим. Ишхонага келиб, автобусдаги воқеани ҳамкасбларимга айтиб бериб, ўзимни бироз юпатгандек бўлдим. Кўпчилик мен томонда бўлиб, кўнглимни кўтарди. Ҳатто бир ҳамкасбим ижтимоий тармоқлардла намойиш этилаётган бир лавҳани кўрсатди. Унда икки қўли йўқ (японми ёки корейс билмадим) аёлнинг оёқлари билан уй юмушларини (супириб сидиришдан ташқари, экин-тикин ишларини бажариши, овқат тайёрлаб эри ва фарзандларини кутиб олаётгани) бажараётгани акс этган эди.

Лекин барибир ўзимга келмадим. Кўнглимдаги қоронғулик кетмади. 12 март куни тахминан соат 21.00да “Тошкент” телеканалида имконияти чекланган бир гуруҳ ватандошларимиз ҳақида кўрсатувга тасодифан кўзим тушиб қолди. Улар мусиқа, спорт, рассомчилик соҳасида қўлга киритаётган ютуқларни, мамлакатимиз номини дунёга танитаётганини кўриб, соппа-соғ бўлишига қарамай тиланчилик қилиб юрган йигитлардан кўнглим қолди.

Лекин барибир диний уломоларимиз жума намозларида тиланчиларнинг муқаддас Қуръон оятларини ўқиб гадочилик қилаётганларига (бундайлар, айниқса ёш болалар орасида, оз бўлса-да учраб турибди) муносабат билдиришлари, бу каби тиланчиларга пул бериш ўринлими, деган саволларга жавоб беришлари керак, деб ўйлайман. Чунки халқимиз соддадил, Қуръон оятларини муқаддас деб билади. Қуръон тиловат қилганларга пул беришда асло оғринмайди. Аммо бошқа дин, бошқа миллат вакиллари-чи? Қуръон ҳақида бошқа фикрга бормайдиларми?

Фикрларим хато бўлса, шариат пешволаридан, улломоларимиздан узр сўрайман.

Шарофиддин  Тўлаганов.