21:24 / 24.03.2016
1457

Ҳаага трибунали босниялик сербларнинг собиқ етакчиси Каражични 40 йилга озодликдан маҳрум қилди

24 мартда Собиқ Югославия бўйича халқаро трибунал Серб Республикасининг собиқ президенти Радован Каражични геноцид ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топди. Судга раислик килувчи ҳакам О-гон Квон 71 ёшли Каражичга 40 йиллик озодликдан маҳрум қилиш ҳукмини чиқарди.

Серб сиёсатчиси 11 та банд бўйича ҳарбий жиноятларни амалга оширганликдда айбдор деб топилди. Улар орасида, геноцид, қотилликлар, тинч аҳолига қарши террор кампаниясини уюштириш, тақиб қилиш, депортация қилиш, ноинсоний ҳаракатлар, одамларни гаровга олиш, жиддий жисмоний ва маънавий зиён етказиш каби жиноятлар бор.

Каражич 1992-1995 йиллардаги Босния уруши вақтида Серб Республикаси президенти бўлган (1992-1996 йиллар). Трибуналнинг фикрича, Каражич 1995 йил июлида Сребреницада 8 минг мусулмоннинг қотиллигида, серб армияси томонидан Сараевони қамал қилиш вақтида 12 минг кишининг ўлимида ва БМТ тинчликпарвар кучларидан жонли қалқон сифатида фойдаланишда айбдор ҳисобланади.

1995 йил ёзида серб армияси Босниядаги Сребреница аҳоли пунктини босиб олиб, у ердаги барча эркакларни қириб ташлаган. Трибунал ва БМТнинг халқаро суди бу ердаги жиноятни геноцид деб таснифлаган.

1992 йилда Югославиянинг парчаланишидан кейин Боснияда миллий ва диний зиддиятлар ортида юзага келган фуқаролик уруши бошланган. Бу урушда юз мингга яқин одам ҳалок бўлган.

1995 йилда халқаро ҳамжамият воситачилигида қарама-қарши томонлар тинчлик сулҳини тузган, унинг натижаларига кўра иккита мухтор тузилма: хорват ва боснияликлар яшайдиган Босния ва Герцеговина Федерацияси ва Серб Республикаси ташкил этилган.

Каражич 2008 йил 21 июлда махсус операция натижасида қўлга олинган ҳамда шу йилнинг 30 июлида Ҳаагага экстрадиция қилинганди.

Top