18:41 / 29.03.2016
1719

Хитойликлар салкам 3 соат давомида Google’дан фойдаланиш имконига эга бўлишди

Хитойда фаолияти тақиқланган Google қидирув хизматидан бир неча соатга фойдаланиш мумкин бўлди. Интернет фойдаланувчилари, 29 мартга ўтар кечаси соат 22:30дан 01:15гача google.com, google.com.hk, google.com.vn ва google.com.sg саҳифалари орқали сайтларга кириш имконига эга бўлишган, аммо, бошқа йирик интернет ресурслари, хусусан Facebook ва YouTube’га қўйилган тақиқ ўз кучида қолаверган.

Тахминларга кўра, Google Осиёда янги серверларини ишга тушириши билан электрон тўсиқни четлаб ўта олган. Айтиш жоизки, бу ҳолат Хитойдаги ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, сўз эркинлигига қайтиш рамзи сифатида баҳоланди.

Google хизматлари ХХРда 2010 йилдан бери тўсиб келинади. Бунга, Google’нинг тармоқдаги маълумотларни тозалаш тизимини жорий қилиш борасидаги Хитой ҳукумати талабини бажармагани асос бўлган. Facebook ва Twitter эса, 2009 йил ёзида мамлакат шимоли ғарбида жойлашган Шинжон-Уйғур автоном вилоятида юз берган нохуш воқеалардан сўнг тақиқланган эди. Мамлакатда шунингдек, матнли хабарлар билан алмашиш имконини берувчи мобил иловалар ҳам ишламайди. YouTube видеосервиси 2008 йилдан бери хизмат кўрсатмайди.

Top