18:50 / 31.03.2016
1306

Forbes: 2015 йилда Порошенконинг бойлиги 100 млн долларга кўпайган

Украина президенти Петро Порошенко бойлигини ўтган бир йил мобайнида, 750 млн доллардан 858 млн долларга кўпайтиришга муваффақ бўлган. Forbes журналининг Украинадаги нашри ўз ҳисоб-китобларига кўра шундай маълумот тарқатди.

Айтиш жоизки, Украина президенти сайловолди кампаниясида берган ваъдасини қисман бажарди, яъни Roshen корпорацияси бошқарувини ишончнома воситасида бошқа фирма ихтиёрига топширди. Бироқ, бу унинг ягона активлари эмас. Порошенко ҳозир ҳам, Халқаро инвестиция банки хўжайини ҳисобланади. У «Укрпроминвест-Агро» холдингида ҳам даромад манбаига эга.

Forbes журналининг қайд этишича, президентнинг шунингдек, крахмаль ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, кемасозлик ва машинасозлик соҳаларида ҳам акциялари бор. Шу билан бирга, мультимиллионернинг миллий ва минтақавий телерадиокомпаниялари ҳам бор.

Аввалроқ, Порошенко банки активлари бир йил ичида 3,7 марта ошгани хабар қилинган эди.

Top