Жамият | 16:42 / 05.04.2016
9481
7 дақиқада ўқилади

Тоғли Қорабоғ: шахмат тахтасидаги ўйин...ми?

Америка томонининг ташаббуси билан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Жон Керри ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Улар Арманистон ва Озарбайжонга мурожаат қилиб, ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Ҳар икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаларининг раҳбарлари Тоғли Қорабоғда вазият кескинлашиб бораётганидан ташвишга тушаётганларини билдиришди. Бугун Венада ЕХҲТнинг Минск гуруҳи юзага келган мазкур муаммони элчилар даражасида ҳал қилиш борасида мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1988 йил февраль ойида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Озарбайжон таркибидан чиқиши борасида баёнот берганидан бошлаб Арманистон ва Озарбайжон ўртасида можаролар бошланиб кетди. Ўша кундан бошлаб Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги сақланиб қолиниши борасида айтиб, Арманистон эса мустақиллиги тан олинмаган республика манфаатларини ҳимоя қилиб келади. Мажорони тинч йўллар билан ҳал қилиш борасидаги ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасидаги мулоқотлар 1992 йилда бошланган. Гуруҳнинг доимий аъзолари сифатида АҚШ, Россия, Германия, Франциядан ташқари Беларусь, Германия, Италия, Швеция, Финляндия, Туркия, Арманистон ва Озарбайжон, шунингдек, ЕХҲТнинг аввалги, амалдаги ва келажакдаги раислари кўрилади.

4 апрель куни Тоғли Қорабоғда кенг қамровли ҳарбий ҳаракатлар кузатилди. Арманистон президенти Серж Саргсян ЕХҲТга аъзо мамлакатлар элчилари билан учрашар экан, ҳарбий ҳаракатлар кескинлашиб кетгудек бўлса, кенг қамровли урушга айланиб кетишидан огоҳлантирди ва ҳарбий ҳаракатлар давом этадиган бўлса, у ҳолда Арманистон Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олиши борасида баёнот берди. Озарбайжон ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Хикмет Гаджиев Боку ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини, бироқ бунинг учун Арманистон БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюцияларга амал қилган ҳолда Озарбайжоннинг оккупация қилинган ҳудудларини тарк этиши кераклигини билдирди.

Мухбирларнинг хабар қилишича, бугун Тоғли Қорабоғда нисбатан осойишталик ҳукмронлик қилмоқда. Жанглар аҳоли пунктларидан ташқарида кузатилмоқда. Мактаблар фақат 2 апрель куни ишламади, холос. Чунки мактабларга жанглар кузатилаётган минтақалардан қочиб келган одамлар жойлаштирилди. Тоғли Қорабоғдаги шифохоналар ярадорларни қабул қилишга тайёр ҳолатга келтириб қўйилди. 4 апрелга ўтар кечаси Степанакертга “Еркрап” кўнгиллилар ҳаракатининг 200га яқин аъзоси келди. Миллатчиларнинг “Дашнакцутюн” партияси вакилларининг келиши ҳам кутилмоқда.

Озарбайжон матбуотининг ёзишича, Тоғли Қорабоғ можароси давом этаётган чорак асрлик даврдан бери Америка матбуотида илк бор жанглар Арманистон оккупация қилинган Озарбайжоннинг собиқ мухтор вилоятида юз бераётгани хақида хабарлар пайдо бўлди. Шу тариқа АҚШ ОАВида Арманистон оккупант сифатида талқин қилинди.

Экспертларнинг фикрича, бу галги вазият 1994 йилда бошланган энг йирик кескинлик эканини айтишмоқда. Айнан ўша йили Озарбайжон, Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ўртасида келишувга эришилган эди. Аммо бу келишув ҳаётга тўла татбиқ этилди, деб бўлмайди.

Жумадан шанбага ўтар кечаси бошланган қуролли тўқнашувлар ортида кимлар турибди? Бу саволга ҳозирча тўлиқ жавоб топишнинг иложи йўқ. Жаҳон, жумладан, Россия матбуоти кескинликни ўзи билганича талқин қилмоқда. Айримлар кескинлик ортида Туркия турибди, деса бошқалар Россияни айблашмоқда. Келинг, яхшиси, Россия матбуотидаги хабарларга мурожаат қиламиз. (inosmi.ru «Конфликт в Нагорном Карабахе — начало «войны чужими руками»?, «Нагорный Карабах запылает?», «Авантюра в Карабахе: кто начал первым?», «Константин Боровой: в Кремле возмущены независимой политикой Азербайджана», «Конфликт в Нагорном Карабахе грозит войной с участием России и Турции», «Эта война, которую армяне проиграли», «Размороженный конфликт на Кавказе»)

Арманистон томонининг фикрича, бу галги можаро Озарбайжон томонидан бошланган. Аммо расмий Боку бу каби иддаоларни кескин рад этмоқда. Уларнинг айтишича, Озарбайжон қуролли кучлари фақат жавоб зарбасини берган.

Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Қорабоғ атрофидаги можароларнинг асосий гарови сифатида Кремль кўрилади. Тоғли Қорабоғ собиқ ташқи ишлар вазири Армен Меликяннинг сўзларига кўра, Қорабоғ Россиянинг Арманистон ва Озарбайжон билан бўлган муносабатларининг гаровига айланган. Бу фикрлардан кўриниб турибдики, Россия Кавказдаги мана шу икки республикадан бири билан муносабатларида муаммо пайдо бўлса, Тоғли Қорабоғ қартаси ўйналади. Россиялик сиёсатчи Константин Боровойнинг сўзларига қараганда, Россия анчадан бери турли можароларда провокаторлардан фойдаланиш тактикасини қўлламоқда. Бу Жанубий Осетия, Абхазия, Днестрбўйи, Украина шарқидаги мажороларда кўринади. Сиёсатчининг айтишича, Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида юзага келган можароларга тўғридан тўғри Россиянинг алоқаси бор. Худди шу каби фикрларни россиялик сиёсатшунос ва публицист Андрей Пионтковский ҳам қайд қилиб ўтди. Унинг фикрича, шу тариқа Россия можарони уюштириб, сўнгра тинчликпарвар сифатида саҳнада тинчликпарвар сифатида пайдо бўлади. Шу тариқа Кремль нафақат Арманистон ва Озарбайжон, балки Грузия устидан ҳам назорат ўрнатишга муваффақ бўлади. Кремлнинг яна бир мақсадларидан бири жаҳондаги бирор бир муаммо Россия иштирокисиз ҳал бўлмаслигини эслатиб қўйишдан иборат экан.

Бу галги можаро Озарбайжон ва Арманистон президентлари Вашингтонда бўлган бир вақтда юз берди. Ҳар икки президент бу галги кескинлашув учинчи томон хоҳиши билан юзага келганидан хабардор этилдилар. Шуни айтиш керакки, Россия ҳам Озарбайжон, ҳам Арманистон ўз таъсир доирасида бўлишини истайди. Шу сабабли Тоғли Қорабоғ муаммосининг ҳал этилиши даргумон. Константин Боровойнинг сўзларига қараганда, Озарбайжоннинг АҚШ, Европа ва Туркия билан алоқаси яхшилиги ҳам Россияга ёқмаслиги мумкин.

Минтақадаги вазиятни кузатиб бораётган экспертларнинг фикрича, Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар эртами кеч қайта тикаланиши турган гап эди. Бу қўрқувлар 2 апрелга ўтар кечаси амалга ошди.
Қорабоғдаги янги уруш нафақат Арманистон ва Озарбайжон фожиаси, балки бутун Жанубий Кавказ учун ҳалокатли бўлиши мумкин.

Озарбайжон тинчликсевар давлат. Ҳудудининг 20 фоизи оккупация қилинганига, бир миллиондан ортиқ озарбайжон миллатига мансуб фуқоро ўз ерларидан бош олиб кетган бўлишига қарамай, расмий Боку Тоғли Қорабоғ муаммоси 1993 йил 30 апрелда (№822), 1993 йил 29 июлда (№853) ва 1993 йил 14 октябрда (№874) қабул қилинган резолюциялар асосида тинч йўллар билан ҳал қилинишини истайди.

Шарофидин Тўлаганов