14:58 / 08.04.2016
1470

Туркия ТИВ: Анқара ва Тель-Авив муносабатларни илиқлаштириш арафасида

Туркия ва Исроил ўзаро муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишувни имзолаш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Туркия ТИВ маълум қилган.

"Икки давлат делегацияси 7 апрель куни Лондонда учрашув ўтказди", дейилади ТИВ хабарида.

Учрашувда ўзаро муносабатларни илиқлаштириш жараёнида ривожланиш кузатилгани қайд этилган. Томонлар бу келишувни тузиш борасида яқин вақт ичида яна бир бор учрашишлари айтилган.

Қўшимча қилинишича, Туркия делегациясига Фаридун Синирлиўғли, исроилликлар делегациясига эса Жозеф Сичанове ҳамда Исроил миллий хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Яков Нагель бошчилик қилган.

17 декабрь куни Исроил ва Туркия томонлари, Швейцарияда Синирлиўғли ва Исроил бош вазири вакили ҳамда «Моссад вакили» ўртасидаги учрашувда 2010 йилда исроиллик ҳарбийлар ва Ғазо сектори қамалини бузмоқчи бўлган активистлар ўртасидаги низодан сўнг узиб қўйилган дипломатик алоқаларни қайта тиклаш ҳақида дастлабки келишувга эришганди.

Ўшанда Исроил махсус топшириқли бўлинмалари Туркиянинг «Мави Мармара» кемасини қўлга туширган, операция чоғида тўққиз киши ҳалок бўлган эди.

Туркия билан келишув шартлари бўйича Исроил «Мави Мармара»да ҳалок бўлганларнинг оилаларига кўмаклашиш жамғармасини тузишга тайёр. Баъзи маълумотларга кўра, бунда гап 20 миллион долларлик товон пули ҳақида боради.

Туркия эса операцияда қатнашган исроиллик ҳарбийларни таъқиб қилишдан воз кечади ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати етакчиларидан бири Салоҳ ал-Арурийнинг ўз ҳудудига киришини тақиқлаб қўяди.

Дипломатик муносабатларни тиклаш билан бирга, Исроил ва Туркия газ қувури қуриш ҳақида музокараларни бошлайди.

Top