00:56 / 10.04.2016
1529

Нафас етишмаётган боланинг смс-хабари 15 муҳожирнинг ҳаётини сақлаб қолди

Англиядан АҚШга афғон боласи томонидан бузуқ инглиз тилида юборилган смс-хабар юк машинасида устидан ёпиб қўйилган 15 нафар муҳожирнинг ҳаётини сақлаб қолди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Волонтёр Лизз Клегг Нью-Йоркдаги анжуманда ўз телефонига қуйидаги мазмундаги хабарни олган: “I ned halp darivar no stap car no oksijan in the car no signal iam in the cantenar. Iam no jokan valla” (“I need help driver no stop car no oksigen in the car no signal I am in the container. I am no joking” – “Менга ёрдам керак. Ҳайдовчи машинани тўхтатмаяпти. Машинада кислород қолмаган. Cигнал йўқ. Мен контейнердаман. Онт ичаманки, мен ҳазиллашмаяпман).

Таъкидланишича, бу хабарни ёзган 7 ёшли Аҳмад Клеггдан Франциянинг Кале шаҳридаги муҳожирлар қароргоҳида мобиль телефон олган. Клегг у ердаги болаларга ўзининг телефон рақами бўлган юзлаб телефонларни фавқулодда вазият вақтида у билан боғлана олишлари учун тарқатган.

Клегг хабарни олгач, Британиядаги ҳамкасби билан боғланган. У эса ўз навбатида бу ҳақда полицияга хабар берган. Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари ичида одамлар қамалган юк машинасини Лестерширда аниқлашган. Машина ичидаги одамлар Буюк Британияга ноқонуний тушишга уринишда гумон қилиниб ҳибсга олиндилар. Айни вақтда уларнинг ҳаётларига ҳеч нарса хавф солмаяпти.

Top