14:38 / 13.04.2016
1667

Математиклар шифокорларга саратон билан курашишни ўргатишди

Германиядаги Бонн университети математиклари ва шифокорлари саратон хасталигини самарали даволаш имконини берувчи ҳисоблаш моделини ўйлаб чиқишди. Ундан ташқари, бу усул нима учун баъзи ўсимталар билан курашиш қийинлигини тушунишга ёрдам беради. Тадқиқот Scientific Reports журналида нашр қилинди.

Саратонни даволашдаги энг катта муаммолардан бири хавфли ўсимталарнинг дориларга қаршилик кўрсата бошлаши ҳисобланади. Дастлаб самарали терапия рецидив билан алмашади, баъзан эса умуман натижа бўлмайди. Бунинг сабаби терапияга бўйсунмайдиган саратон ҳужайраларининг пайдо бўлишидадир.

Иммун тизимидаги баъзи ҳужайралар саратон ўсимталари билан кураша олади. Бироқ аввалги тадқиқотларнинг кўрсатишича, иммун реакция даволаш жараёнида шаклланган бўлса, унда саратон ҳужайралари лимфоцитлар учун кўринмас бўлиб қолади.

Янги тадқиқотда олимлар шу жиҳатни инобатга олган ҳолда даволашнинг янги усулини яратиш имконини берувчи математик модель ишлаб чиқишга муваффақ бўлишди.

Нотўғри даволаш саратон ҳужайраларида ҳатто мутация келтириб чиқариши ва саратон билан курашиш ўрнига хавфли ўсимтанинг ўткир формасининг авж олишига сабаб бўлиши мумкин.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, саратоннинг ҳисоблаш модели кўплаб математикларни тиббиёт соҳасига жалб этиш имконини беради ва аксинча, терапевтик усулларни ишлаб чиқишда шифокорларни бошқача ёндашишга ундайди.

Top