Жаҳон | 12:11 / 15.04.2016
1850
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Сурияни тиклаш учун қанча маблағ зарурлигини маълум қилди

Жанговар ҳаракатлар барҳам топгач, Сурияни қайта қуришга камида 150 миллиард доллар талаб этилади. Бу рақам энг ёмон ҳолатда 180 миллиард долларгача кўтарилиши мумкин. Жаҳон банки раҳбари Жим Ён Кимга таянган ҳолда MarketWatch шу ҳақда хабар қилмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг Вашингтонда иш бошлаган баҳорги қўшма мажлиси чоғида маъруза қилган Ён Ким Сурияга кўрсатиладиган молиявий ёрдам нефть баррели 100 доллар бўлган вақтдагига қараганда камроқ бўлиши мумкинлигидан хавотирини билдирган.

"Чунки, Дамашкқа кўрсатиладиган ёрдамлар асосан, нефть экспорти билан шуғулланувчи минтақа давлатлари томонидан берилар эди. Эндиликда, уларнинг ўзлари ҳам, давлат бюджетларида танқисликни ҳис этишмоқда", -деган Жим Ён Ким.

Жаҳон банки — кўптомонлама кредит муассасаси бўлиб, бир нечта молиявий институтлардан ташкил топган. Уларнинг асосий мақсади ривожланаётган давлатларда турмуш даражасини юксалтиришдан иборат. Тараққий этган давлатлар ушбу ташкилот воситасида заиф иқтисодиётли давлатларга қўшимча молиявий маблағлар билан ёрдам беради.

Жаҳон банкининг ҳар бир заёми, ҳукуматлар томонидан кафолатланиши ёки аниқ лойиҳага йўналтирилиши лозим. Ушбу ташкилот билан ҳамкорлик қилишнинг устунлик жиҳати, фоиз ставкаларининг юқори эмаслигида ҳисобланади.