17:44 / 16.04.2016
6857

Режиссёр Ёдгор Мирзажоновни бўрилар тўдаси қувганини инкор этди

Режиссёр Акром Исоқов янги — “96 соат” номли фильмга қўл урди. Фильм вақти 2 соатдан иборат бўлиб, “фильм сериал тарзида суратга олинди”, “Ёдгор бўрилар тақибига учради” каби миш-мишларни унинг режиссёри Акром Исоқов инкор этди.

Акром Исоқов: — Фильмда ҳаётда рўй бераётган адолатсизликлар, оқибатсизликлар ва даҳмазалардан қочиб, бувисиникига кетаётган Зокир ўрмон ичида адашиб қолади. Шунда тўсатдан жарлик ичига тушиб кетиб, 96 соат давомида қолиб кетади. Аслида одам жарлик ичида бир ҳафтадан ортиқ яшай олмайди.
Хўш, унда фильм қаҳрамони Зокир жарлик ичида қандай қилиб 96 соат яшай олди?

Бу саволга, албатта, фильмни кўргач жавоб топасиз.

— Фильм орқали севги-муҳаббат, бой ва камбағал мавзуларидан фарқли ўлароқ айни пайтда орамизда кўтарилиб бораётган меҳр-оқибат, ўз бахтсизлигимизга кўпроқ ўзимиз сабабчи бўлишимиз ҳақида айтмоқчи бўлдик, дейди режиссёр биз билан бўлган эксклюзив суҳбат давомида.

Фильмда бош ролларни хонанда Ёдгор Мирзажонов ҳамда пойтахтимиздаги Абдулла Қаҳҳор номли Сатира театрида фаолият юритиб келаётган актриса Барчин Ғофурова ижро этган. Шунингдек, ролларда артистлардан Ёдгор Мирзажонов, Бекзод Муҳаммадкаримов, Карим Мирходиев, Лола Элтоева, Дилмурод Қамбаров, Элёр Носиров ва Маҳфуза Боботиллаева каби актёрларни учратишингиз мумкин. Оператор Хусан Алиев.

Айни пайтда фильмнинг монтаж ишлари якунланган. Тез орада “Ёшлар” телеканали орқали томоша қилишингиз мумкин.

— Фильмни суратга олиш жараёни Тошкент вилояти, Паркент туманидаги “Санганак” қишлоғида бўлиб ўтди. Суратга олиш давомида албатта, турли мураккаб ходисларга дуч келдик. Баъзи сайтлар “Ёдгор Мирзажоновни бўри қувибди”, дея бир оз ошириб юборишибди, бундай бўлмади. Аслида фильмда бўрилар кадрини қўшиш ниятимиз ҳам йўқ эмасди. Аммо бўриларни ўргатиш жуда қийин ва хавфли бўлганлиги боис бу фикрдан қайтдик. Жарлик тасвирлари бир оз ишонарли чиқиши учун суратга олиш жамоаси Санганак қишлоғи аҳолиси билан биргаликда 10 м дан иборат чуқурлик қазишга тўғри келди. Зокир — Ёдгор Мирзажонов ростдан ҳам шу чуқурликка тушиб кетади. Айрим мураккаб ҳолатли кадрларни каскадёр ёрдамида суратга олдик. Чуқурликдан чиқишга ҳар қанча уринмасин, тупроқ жуда майин бўлгани учун уддасидан чиқолмайди. Шунда 96 соат давомида жарликда қолиб кетиб, ҳаётда ўзи тутган йўлнинг қай даражада тўғри ва нотўғрилиги, босиб ўтган умр йўлларини ўзича таҳлил қилиб кўради, — дейди режиссёр.

Фильм Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда суатга олинди. Ўйлаймизки, фильм ва унда кўтарилган мавзу мухлисларга манзур бўлади.

Феруза Нодирова (журналист ва продьюссер): —
— Ёдгор фильмда айрим кадрларни ижро этишда бир оз қийналди, йиқилиб, юзлари шилиниб кетди. Ёдингизда бўлса, Ёдгор Мирзажонов илк маротаба “Севги фазоси” фильмида ижро этган эди. Бугунгача режиссёрлардан тушган таклифлар маъқул бўлмагани боис ҳеч қандай фильмда ўйнамади.

“96 соат” номли фильмдаги роли эса унинг актёрлик маҳоратидаги очилмаган қирраларини намоён этади деган умиддамиз.

Top