Нафс йўлида ўзлаштирилган миллионлар...
Фуқаро 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган Зуҳриддин Муродов (исм-фамилиялар ўзгартирилган)ўзининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда 2000 йилда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси банкларида кредит ҳужжатларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг айрим бандларига зид равишда бир нечта маъсулияти чекланган жамият раҳбарлари билан жиноий тил бириктирган ҳолатда, жамият қурилиш моллари ва жиҳозлаш ускуналарини сотиб олиш ишлари учун ҳеч қандай тегишли смета ҳужжатларисиз 2013 йилнинг 3 июль кунида 36 ой муддатга, 12 ой имтиёзли давр билан йиллик 15 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти асосида 300000000 сўмлик кредит маблағлари ажратиш тўғрисидаги кредит шартномасини имзолайди, деб ёзади “Огоҳ” нашри.
Сохталаштирилган ҳужжатларга асосан ажратилган уч юз миллион сўмнинг 7200000 сўми шлакоблок ғиштлари учун шу йилнинг ўн иккинчи июль санаси билан “Зарафшон қурилиш сервис” МЧЖга, 70898000 сўми альюмин ром ва витражлар учун ҳам худди шу сана ва унга қўшимча қилиб йигирма бешинчи июль санаси билан ҳам икки маротабалик ҳисоб фактураси билан “Турон Кафолат Пласт” хусусий корхонасига ўтказилганлиги ҳақида ҳужжат сохталаштирилди.
Бундан ташқари, ажратилган кредит маблағларидан яна 21200000 сўмни юқоридаги сана билан цемент маҳсулотлари учун “Ноян Плус” МЧЖга, 28490000 сўмни эса шу сана билан “профнастил” том ёпиш мосламалари олиш учун “Башиян С.Г.” хусусий корхонасига, 6 300 000 сўми эса шу йилнинг ўн еттинчи июль санасидаги ҳисоб фактураси билан, ғишт маҳсулотлари учун, “Яланғоч ғишт заводи” МЧЖга ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилди. Бу ҳам етмаганидек, юқорида кўрсатилган сана бўйича яна 45000000 сўм пул маблағлари асфальт-бетон маҳсулотлари учун “Арткон Строй” МЧЖга ўтказилганлиги тўғрисида ҳам сохта ҳужжат расмийлаштирилади. Қолган 23606885 сўм темир ва темир маҳсулотлари сотиб олиш учун, 100000000 сўм қурилиш материаллари сотиб олиш учун 34300000 сўм ҳам яна темир маҳсулотлари ва панжаралар учун, 15000000 сўм эса божхона атрофини текислаш ва техник хизматлар учун “Корт”, “Руслан барака”, “Довуд парвоз” ва “Силвер винг бизнес” МЧЖларига ўтказиб берилганлиги ҳақида ҳужжатлар расмийлаштирилади.
З.Муродов яна мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолатда хусусий тадбиркор Муҳиддин Исроиловга Қозоғистон Республикасидан катта миқдорда ун маҳсулотлари келтириб беришни ваъда қилиб, унинг 39000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини ҳам ўзлаштириб олади.
Кейинчалик унинг ишончига кириб 10000 АҚШ доллар миқдоридаги пулларини қайтариб олиш шарти билан қайтиб беради ва бироз фурсат ўтиб яна қайтариб олади. Бунга ҳам етарлича важ-карсонлар тўқиб, тадбиркор М.Исроиловнинг ҳам қўйнинин пуч ёнғоққа тўлдиради.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи орган ходимлари томонидан аниқланган фактлар асосида З.Муродов ҳам қилган айблари учун қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлди.