14:05 / 20.04.2016
7050

“Электрон солиқ хизматлари” портали ишга тушди

Давлат солиқ хизмати органларининг янги “Электрон солиқ хизматлари” портали ишлаб чиқилиб, тест режимида амалиётга жорий қилинди. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади – давлат солиқ хизмати органлари томонидан аҳоли ва бизнесга кўрсатиладиган электрон давлат хизматларини такомиллаштириш, уларнинг харажатларни камайтириш ҳамда солиқ тўловчиларга хизматлардан фойдаланишда қўшимча қулайликлар яратишдан иборат.

Янги “Электрон солиқ хизматлари” порталининг бош саҳифаси очилганда давлат солиқ хизмати органи ходими кириб келади ва фойдаланувчиларга янги порталнинг имкониятлари тўғрисида қисқача тушунтиришлар беради.

Порталнинг яна бир қулайлиги — бу керакли хизматларни тез ва осон қидириш мумкинлигидир. Яъни, давлат солиқ хизмати органларининг барча электрон давлат хизматлари Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисидаги” Қонун талабларидан келиб чиқиб интерактив ва ахборот давлат хизматларига сараланган.

Бундан ташқари уларни қидиришни янада соддалаштириш мақсадида, мурожаатларни ва ҳисоботларни юбориш, рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш ҳамда маълумотномалар олиш каби хизмат йўналишларига ажратилган. Шунингдек, жисмоний шахслар учун, юридик шахслар учун ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун хизматларни танлаш имкониятлари мавжуд.

Яна бир янгиликлардан бири бу – барча тоифадаги солиқ тўловчилар учун алоҳида шахсий кабинет очилди. Масалан, илгари якка тартибдаги тадбиркорларнинг шахсий кабинети мавжуд эмас эди. Эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам алоҳида имкониятлар яратилди. Шахсий кабинетларга кириш қисми фойдаланувчиларнинг ягона идентификациялаш ахборот тизимига ўзгарди.

Шунингдек, шахсий кабинетларда ҳам солиқ тўловчиларни бир нечта янгиликлар кутмоқда. Улардан бири бу – мавзуга оид хизматлар “Шахсий маълумотлар”, “Ҳисоб китобларнинг жорий ҳолати”, “Солиқ органлари билан ёзишмалар”, “Фойдали маълумотлар” каби қулай навигацияли блокларга ажратилганлигидир.

Янги шахсий кабинетда солиқ органлари билан барча ёзишмалар ва хабарлар алоҳида блокда йиғилади. Бундан ташқари, шахсий кабинетга кирганда бюджет ҳамда бюджетдан ташқари актуал жорий маълумотлар тақдим этилади.

Янги порталда солиқ тўловиларга хизматлардан фойдаланиш, хабардор қилиш бўйича барча хизматларнинг ягона стандарти ишлаб чиқилган. Хусусан, ҳар бир хизматдан фойдаланувчилар учун қўлланма ва хизмат бўйича жаввобгар шахс тўғрисидаги маълумотлар мужассамлаштирилган.

Эндиликда солиқ тўловчилар ҳар бир хизмат бўйича ўз фикрлари ва баҳоларини қолдириши, солиқ органлари эса – солиқ тўловчиларнинг фикрларини ўрганиш, таклиф ва эътирозларини кўриб чиқиш имконияти мавжуд.

Top