Нукусда Ёшлар марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Нукус шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтказилган ёшлар фестивали доирасида Ёшлар марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, жисмонан соғлом ва юксак маънавиятли инсонлар бўлиб улғайишига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.
Ёшлар марказида ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, шахмат-шашка, тасвирий санъат, рақс тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган, ахборот-ресурс ва ёш тадбиркорлар учун маслаҳат марказлари, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган тантаналар зали замонавий жиҳозланган.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари 4 миллиард 400 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига амалга оширилди. Марказнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун 154 миллион сўм, замонавий мебеллар учун 192 миллион, зарур адабиётлар ва электрон китоблар учун 400 миллион сўм маблағ ажратилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.