Жамият | 00:15 / 20.04.2016
2166
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида аёлларнинг автомобиль бошқариш ҳуқуқи борасида янги музокаралар келиб чиқмоқда

Сўнгги кунларда Саудия Арабистонида аёлларнинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эгалиги ҳақида кўплаб музокаралар келиб чиқмоқда. Ушбу мавзу масаласи Консультатив кенгашда мамлакат қонунчилик органи вакилларидан бири бўлган Султон ас-Султон томонидан яна бир бор кўтарилди.

“Нима учун машина бошқаришни яхши билмайдиган чет элликларни ҳайдовчиликка олиш ўрнига аёлларни автомобиль ҳайдашларига шароит яратиб бермаймиз”, - деди у ишчи мигрантларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги қонунга бағишланган йиғилиш чоғида.

Ас-Султон қайд этишича, кўплаб араб оилаларининг ҳайдовчи ёллашга имконияти йўқ. Ахир уларга нафақат ойлик маош тўлаш, балки яшашлари учун турар-жойлар ҳам ажратиш зарур бўлади.

Бу ташаббусни кенгаш аъзолари Хайя ал-Маниа ва Латифа аш-Шаълан қўллаб-қувватлашди.

“Аёлларнинг машина бошқариш ҳуқуқлари бўйича яна бир янги музокара ўтказишга тўғри келади. Кенгаш сайлов ўтказишдан аввал ваколатли органларга ушбу масала юзасидан мурожаат этиши керак. Биз расмий тарзда ариза бердик”, - дейди ал-Маниа. Эслатиб ўтамиз, мамлакатда аёлларнинг машина ҳайдашларини таъқиқловчи ҳеч қандай қонун мавжуд эмас, барча муаммо азалдан шаклланиб келган анъаналардадир.