Жаҳон | 06:40 / 22.04.2016
1532
2 дақиқада ўқилади

Журналистлар: ФҚБ Сан-бернардинолик террорчининг айфонини очиш учун хакерларга 1,3 млн доллардан кўпроқ ҳақ тўлаган

Журналистлар АҚШ Федерал қидирувлар бюроси Сан-бернардинолик террорчи Саид Фарукнинг айфонини очиш учун хакерларга 1,3 млн доллардан кўпроқ ҳақ тўлаганини ҳисоблаб чиқишди.

Лондонда хавфсизлик бўйича анжуманда ФҚБ директори Жеймс Коми смартфонни очиш учун анчагина маблағ талаб қилинганини айтган, бироқ аниқ рақамларни келтирмаганди.

"Жуда кўп. Бу қиймат лавозимим муддати тугагунча олишим мумкин бўлган пулдан кўра кўпроқ. Бу вақтгача эса 7 йилу 4 ой қолди. Бироқ, фикримча, кетган маблағ бунга арзийди", деб айтганди Коми.

Шунга асосан журналистлар ҳисоб-китоб қилишга тушиб кетишди: Оқ уй маълумотларига кўра, Комининг 2015 йил январдан бошлаб ҳар йилги даромади 183,3 минг долларни ташкил қилади. Агентлик ФҚБ раҳбари ўзининг ваколати тугагунча 1,3 млн доллардан кўпроқ пул олиши мумкинлиги ҳақидаги хулосага келишган.  

Эслатиб ўтамиз, ФҚБ Apple смартфонни очиб беришдан бош тортгандан кейин, хакерларга ёрдам сўраб мурожаат қилганди.