Жаҳон | 22:58 / 23.04.2016
1623
2 дақиқада ўқилади

АҚШда бир қатор Boeing самолётларида двигателни зудлик билан алмаштириш буюрилди

АҚШнинг авиация соҳасидаги мутассади идора бир қатор Boeing-787 (Dreamliner) самолётларида ўрнатилган двигателларни зудлик билан алмаштиришни буюрди, деб хабар бермоқда CNN телекомпаниясига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Телекомпания маълумотларига кўра, агар бу чора кўрилмаса, унда парвоз вақтида жиддий муаммолар юзага келиши мумкин. АҚШнинг федерал авиация бошқармаси юзага келган вазиятни "хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ шошилинч масала" деб таърифлади.

"Сиртда ҳосил бўладиган муз сабабли вентилятор парраклари резина кожухга ишқалана бошлайди ва бунинг натижасида двигатель тебранишни бошлайди", деб изоҳ бериб ўтди двигателни ишлаб чиқарувчи GE Aviation компанияси расмий вакили Рик Кеннеди.

Бундай ҳолат 2016 йил 29 январда 7 минг метрдан ортиқроқ баландликда парвоз вақтида юз берган. Федерал авиация бошқармаси вакилининг айтишича, шу муаммо сабабли двигателлардан бири ўчиб қолган, бироқ самолётни қолган двигателда қўндиришга муваффақ бўлинган.