Жаҳон | 17:42 / 26.04.2016
1988
2 дақиқада ўқилади

Mitsubishi Motors 25 йил давомида айрим моделларининг ёқилғи сарфига оид рақамларни ўзгартириб келганини тан олди

Япониянинг йирик автомобилсозлик корпорацияларидан бири Mitsubishi Motors раҳбарияти тан олишича, 1991 йилдан бери баъзи моделларнинг ёнилғи сарфига оид хулосалар қалбакилаштирилган. Компания вакиллари 26 апрель куни Токиода бўлиб ўтган матбуот анжуманида шундай мазмунда баёнот беришган.

Шу йилнинг 20 апрелида Mitsubishi Motors билан боғлиқ "ёқилғи можароси" авж олди. Ўша куни компания раҳбарияти машиналарнинг синови белгиланган меъёрларга риоя этилмаган ҳолда амалга оширилганини тан олган. Бунинг натижасида қайд этилган сохта рақамлар автомобилларнинг ёқилғи сарфига оид техник тавсифномасига киритилган. Дастлабки маълумотларга кўра, кўрсаткич 5-10 фоизга пасайтирилган бўлиши мумкин.

Ушбу қалбакилаштириш компания томонидан ишлаб чиқиладиган камида 10 та модель, жумладан, Pajero ва eK кичик литражли машиналар сериясига оидлиги аниқланган. Аммо, ҳозирча, машиналар русумига оид аниқ рўйхат эълон қилинмаган. Қайд этилишича, камида 2 миллион дона автомобиль техник техник ҳужжатлардаги хато билан сотилган.

Айни вақтда, компанияга нисбатан жазо чораси қўллаш, хусусан, йирик жаримага тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, корпорациянинг ўзи ҳам бу борада ташаббус билан чиқиши эҳтимол. У қора рўйхатдан ўрин олувчи барча моделлари эгаларига ортиқча ёқилғи сарфи учун товон тўлашни таклиф этиши мумкин.

Mitsubishi Motors фирибгарликлари ошкор бўлгач, компания акциялари нархи 40 фоизга арзонлашган ва у билан ҳамкорлик қилувчи компаниялар қимматли қоғозларига ҳам салбий таъсир этганди.