Молия вазирлиги ғазначилик ҳудудий бўлинма бошлиқлари раҳбарлик феномини ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди
Раҳбар ходим ўзининг хулқи ва нутқи билан жамоага ибрат бўлса, ишдаги унум ва жамоадаги кайфият ҳам ўзгача бўлиши тайин. Хўш, раҳбарлик феномени, фазилатлари ҳақида нималар дейиш мумкин? Худди шу саволга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилиги ҳудудий бўлинма бошлиқлари жавоб берди.
Нодир Арслонов (Бухоро вилояти Қоракўл тумани бўйича Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи) Нотиқлик маданиятининг иш фаолиятимдаги ўрни шундаки, нотиқлик кундалик соҳавий муносабатлар ва фаолиятим давомида касбий юксалишим учун асосий қурол бўлиб хизмат қилади. Чунки, қўл остимдаги ходимлар ва тизимда мен билан бевосита мулоқотда бўладиган инсонлар менинг муомалам ҳамда фикримни қандай алмашинишимга қараб мурожаат қилишади.
Ойбек Солиев (Фарғона вилояти Данғара тумани бўйича Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи) Ҳар куни иш фаолиятимда турли хил тоифадаги, ҳар хил феъл-атвордаги инсонлар билан мулоқот қиламан. Улар билан мулоқот жараёнида кайфияти, руҳий ҳолатига қараб суҳбатлашаман.
Алимов Беҳзод (Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани бўйича Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи) Нутқ ва нотиқлик маҳоратини мен олий қурол сифатида тасаввур қиламан. Образли қилиб айтганда, қуролсиз жангга кирган сарбозни албатта, мағлубият қаршилаши аниқ. Жамиятда ҳам, жамоада ҳам нутқий нуқсонларга эга киши муваффақият қозона олмайди.
Юнусали Иноқов (Тошкент вилояти Бўка тумани бўйича Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи) Бўлинмадаги ходимлар билан муносабатда етарли билим ва тушунча қай даражада зарур бўлса нутқив мулоқот ҳам шундай аҳамиятлидир. Чунки, улар ўзлари учун қаноанлантирувчи ижобий жавобни сиздан кутади.
Воҳиджон Ғиёсов (Наманган вилояти Чуст тумани бўйича Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи) Қабулга келган ходимлар билан суҳбат ҳам катта масъулият талаб этади. Иш самараси ва унумдорликка унинг салбий ва ижобий тарздаги таъсири бўлиши аниқ. Аслида, барча муаммоларнинг ечими муомала билан эканлиги аён.
Ўктам Исломов (Навоий вилояти Қизилтепа тумани бўйича Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи) Навоий ҳазратларининг кўнгил хазинаси қулф бўлса, унинг калити тилдир мазмунидаги ўгит бежиз айтилмаган. Сўз орқали бировнинг дилини хира қилиш ҳам, кайфиятини кўтариш ҳам мумкин. Юсуф Хос Ҳожиб бу борада ибратомиз фикрни келтириб ўтадилар. «Тилингни авайла тишинг синмасун, сўзингни авайла бошинг кетмасун». Бу фикрларни билишгагина эмас, балки амалда қўллаш ҳам муҳимдир.
Илҳом Ғойибов (Хоразм вилояти Янгиариқ тумани бўйича Ғазначилик бўлинмаси бошлиғи) Сўзлаш, тинглаш ва англаш орқали инсонлар билан муносабатда бўлишимиз аниқ. Бунинг ўзи етук маданиятлиликни ва юксак маънавиятни талаб этади.