Ўзбекистон | 20:33 / 01.05.2016
24572
10 дақиқада ўқилади

Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фарғона водийсига сафар қилди

Яқинда Германиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси, жаноб Найтҳарт Ҳёфер-Виссинг Фарғона водийсига сафар қилди. Жаноб элчи Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги бир қатор таълим ва тиббиёт муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюрди. Унга Тошкент водийдаги учта вилоятдан 20га яқин журналист ҳамроҳлик қилди.

Кенг ва равон йўллар орқали бир зумда кўзлаган манзилимизга етиб олдик. Баҳор ҳавоси бўлгани боис ҳам табиат манзараларидан баҳраманд бўлдик. Баланд  тоғлар қуршовидаги Қамчиқ давонининг ўзига хос гўзаллигидан қалбимиз завқ-шавққа тўлди. Ангрен-Поп йўналишида қурилаётган темир йўлга, жаҳон андозалари асосида таъмирланаётган автомобил йўлига ҳавас билан боқмаган журналистнинг ўзи бўлмади. Улкан бунёдкорлик, қурилиш ва ўзгаришларнинг бевосита гувоҳи ва иштирокчиси бўлаётган ҳамкасбларимизнинг дилида шу юрт фарзанди эканлигидан фаҳрланиш туйғусини кўришнинг ўзи бир бахт бўлса керак. 

Наманганга етиб келганимизни ҳам билмай қолдик. Тушлик қилиб, Германиянинг SES (Senior Experten Sevise – Тажрибали экспертлар хизмати) - экспертлари  жалб қилинган лойиҳа асосида фаолият юритаётган кўз касалликлари замонавий усулда даволанадиган “ZZZ” шифохонасига ташриф буюриб, бу ердаги имкониятлар билан танишдик. Клиника раҳбари Зафаржон Абдураҳимовнинг айтишича, тиббиёт масканида германиялик мутахассислар билан тажриба алмашув ҳам йўлга қўйилган. Шундан сўнг вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига йўл олдик. Мазкур марказ қайта таъмирланиб, замонавий масканлардан бирига айланди. Германиянинг KfW банки кўмагида марказга салкам 790 миллион сўмлик замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари келтириб ўрнатилди. Германия элчиси бу ердаги шароитлар билан танишиб, Ўзбекистонда оналар ва болалар саломатлигига юксак даражада эътибор берилаётганини таъкидлади. Германия элчиси  ва унга ҳамроҳлик қилаётган журналистларнинг  “Nestlé -Ўзбекистон” компаниясининг Намангандаги корхонасига ташриф буюриб, корхонанинг  иш фаолияти билан ҳам танишиши ҳам қизиқарли бўлди.

26 апрел эрта тонгда Андижон томон йўлга тушдик. Олтинкўл туманидаги «Baht imkon Rivoj Chorvasi» фермер хўжалиги фаолияти билан танишдик. GIZ (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти) лойихасига биноан  фаолият юритувчи мазкур хўжаликда 1 минг 484 бош қорамол бўлиб, асосан сут ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Хўжалик тўлалигича замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, бу ҳам бўлса мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳатларнинг самарасидир.

GIZнинг яна бир лойиҳаси Қўрғонтепа туманидаги Савай қишлоғида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу ерда “Оқ сув” сут қабул қилиш маркази очилди. Марказ GIZнинг  Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликдаги “Ўзбекистон Республикасининг алоҳида минтақаларида иқтисодиётни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳани амалга ошириш мақсадида GIZ Савай, Дардак ва Деҳқончак қишлоқларидаги учта сут тўплаш пункти учун асбоб-ускуна харид қилди. “Оқ сув” раҳбари Алижон Аҳмедов меҳмонларни кутиб олар экан, “Ўзбекистонинг энг шарқий минтақасига хуш келибсизлар” деди. Айни шу  иборага урғу берган элчи жаноблари келажакда “Ўзбекистон шарқида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Ғарбда ҳам бозори чаққон бўлиши”га умид билдирди. Бугунги кунда “Оқ сув” холдингининг маҳсулотлари Тошкент, Наманган, Самарқанд сингари шаҳарларда сотилмоқда. 

Қайтишда “Боғишамол” дам олиш масканига кириб ўтиб, Бобурнинг рамзий қабрини зиёрат қилдик ва музей экспонатлари билан яқиндан танишдик. Тушдан кейинги иш режаларимиз ҳам самарали бўлди. Андижон кўп тармоқли болалар шифохонасига ташриф буюрдик. Бу ерда KfW банки молияси эвазига  харид қилинган энг замонавий жиҳозларни кўриб мамлакатимизда она ва бола саломатлигига  катта аҳамият қаратилаётганига ишонч  ҳосил қилдик. Асакадаги «Shark Bahodiri» фермер хўжалигида амалга оширилган сайёҳат ҳам кўпчиликнинг хотирасида қолса ажаб эмас. Журналистлар бир жиҳатга эътибор қаратишди. Паррандачиликка ихтисослаштирилган мазкур хўжаликка Германиядан олиб келинган жиҳозлар ўрнатилган. Энг қизиғи жиҳозларни асакалик ёшларнинг ўзлари ўрнатишган. Германиялик мутахассислар келиб, техникаларни ўрнатилиши билан қизиқиб кўришганида 99,98 фоиз тўғри ўрнатилганига ишонч ҳосил қилишган.

Андижондаги  «VISUS» кўз клиникасига ўрнатилгнан жиҳозлар ҳам KfW банки томонидан молиялаштирилган. Бу ерда ҳам беморларга барча шароитлар яратиб берилган. Андижон информацион технологиялар 4 сон академик лицейидаги учрашув  том маънода очиқ дарсга айланиб кетди. Бу ерда 82 нафар ўқувчи немис тилидан сабоқ олади. Ўқувчилар элчи билан немис тилида самимий суҳбат қуришди, аввалига ўзлари хақида, сўнг Германия сиёсати, иқтисодиёти, архитектураси, тиббиёти хақида гапириб беришди. Уларнинг билими элчини қониқтирди. Ўқувчилардан бири элчидан Ўзбекистон, шу жумладан Андижон хақидаги тассуротлари ва ўзбекларнинг қайси одатлари ёқиши билан қизиқди. Бу саволга жавоб берган элчи Андижонга учинчи бор келганини таъкидлар экан, юртимиз хақида илиқ фикрларни билдирди. Фақат эрталабки  ошлар немис ошқозонига қийин бўлаётганини айтди. Наҳорги ошлар 7.00га кўчирилганидан хабардор эканини айтиб ўтди. Ўзбек меҳмондўстлиги ва самимиятига юқори бахо берди, фақат тўйларда рақсга туша олмаётганидан афсусда эканлигини таъкидлаб  ўтди.

KfW банки томонидан молиялаштирилган лойиҳалардан бири Балиқчи касб-хунар коллежида амалга оширилмоқда. Бу ердаги таълим жараёнлари ҳам  меҳмонларда  катта таассурот қолдирди. 
SES-экспертлари жалб қилинган «Fergana Denol Impex» шифохонаси қулоқ, бурун, томоқ касалликларини даволашга ихтисослаштирилган. Бу ерга  уюштирилган саёҳат ва у ердаги шароитлар ҳам кўпчиликда ҳавас уйғотди. Ҳатто ҳамкасбларимиздан бири имкониятдан фойдаланиб қолди. 

Сафаримизнинг сўнги куни Марғилондаги «Yodgorlik» фабрикасига бордик. Бу ерда ҳам GIZ лойихаси асосида иш юритилади. Ишлаб чиқариш жараёнлари (мато, гилам тўқиш) билан танишиб, ўзимизни қадим тарих бағрига тушиб қолгандек ҳис қилдик.    Шаҳардаги қурилиш коллежига ҳам KfW банки  молиялаштирган жиҳозлар олиб келинган. 

Тошкентга қайтар эканмиз, Қўқондаги «Europrint Kokand» полиграфия фирмаси иш фаолияти билан танишдик. Бу корхона Ўзбекистон бозорида 10 йилдан бери фаолият юритиб келади. МЧЖда айни пайтда 60 дан ортиқ ёшлар иш билан таъхминланган. Бу ерда Германиянинг Heidelberg компанияяси технологияси ёрдамида турли хил маҳсулотлар учун қадоқлар, қутилар, ёрлиқлар – ҳар хил ҳажм ва бичимдаги полиграфия маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотларига нафақат водийда, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам буюртмалар тушмоқда.

Шундан кейин биз ташриф буюрган  «Euromed Diagnostic» хусусий шифохонасида самимий сухбат бўлиб ўтди. “Соғлом она ва бола йили” муносабати билан шифохонада амалга оширилаётган ишлар хақида кўпдан кўп маълумотларга эга бўлдик. Ўтган йили бу ерга ташриф буюрган германиялик шифокорлар 19 кун давомида клиника ходимлари билан машғулотлар ўтказди, уларга тегишли маслаҳатлар, йўл-йўриқлар берди. Айни пайтда муассасада германиялик мутахассислар тавсиялари асосида, шу давлатдан келтирилган асбоб-ускуналар ёрдамида малакали хизмат кўрсатилмоқда.

Сафар якунлари бўйича Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Найтҳарт Ҳёфер-Виссинг жаноблари қисқача матбуот анжумани ўтказди. Ўзига ҳамроҳлиқ қилгани учун журналистларга миннадорчилик билдирган элчи жаноблари водийдаги учта вилоятда жами 11 та олий, ўрта махсус таълим муассасаларида бўлганини, улардаги шарт-шароитлар билан танишганини, немис тилини ўрганаётган талабалар билан мулоқотда бўлганини айтар экан, уларнинг билим ва салоҳиятига юксак баҳо беришини таъкидлади. “Ҳатто қишлоқ жойларида Германия хақида яхши билишлари, немис тилига катта аҳамият берилаётгани менга ёқди”, деди элчи. У ўқувчилар Германия хақидаги билимлари билан ўртоқлашганларини қайд қилиб ўтди. “Ақлли ва доно ёшлар Ўзбекистон келажаги учун кўп ишлар қилади” деди Найтҳарт Ҳёфер-Виссинг. Ўз сўзида Германиянинг мамлакатимиздаги дипломатия ваколатхонасининг раҳбари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш тизимларида олиб борилаётган изчил ислохатларга юқори баҳо берди.

-Ўзбекистон билан ҳамкорлик Германия учун ҳам муҳим стартегик аҳамиятга эга, - деди элчи журналистлар билан суҳбатда. – Жумладан Ўзбекистон хавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши курашда Германиянинг яқин ҳамкорларидан бири. Дўстона алоқаларимиз бундан кейин ҳам ривожланиб боришига ишонаман.
Журналистларнинг водий бўйлаб амалга оширилган пресс-турини Алишер Навоий сатрлари билан “сафар қилғил аммо ватан ичра бўл” дея таърифлаш мумкин.                              

Шарофидин Тўлаганов
 

Мавзуга оид