Жаҳон | 08:49 / 02.05.2016
5037
2 дақиқада ўқилади

МРБ бошлиғи 11 сентябрдаги терактлар ҳақидаги ҳисоботнинг ошкор қилинишига қарши чиқмоқда

АҚШ ҳукумати 2001 йил 11 сентябрдаги терактларни тергов қилган махсус комиссия ҳисоботининг бир қисмини ҳеч қачон ошкор қилмаслиги керак. Бу ҳақда Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Жон Бреннан NBC телеканали эфирида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

Бреннан ўз фикрини бу ҳужжатларда ноаниқ маълумотлар келтирилгани билан асосламоқда, бу эса Вашингтонга зарар етказиши мумкин.

МРБ бошлиғи ҳужжатларда фақатгина дастлабки хулосалар келтирилгани, кейинроқ улар аниқлаштириб, тўлдирилганини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, ҳужжатларда "тўғри маълумотлар билан бир қаторда нотўғри маълумотлар ҳам бор".

Бреннаннинг айтишича, ҳисоботнинг кейинги таҳлили "Саудия Арабистони ҳукумати ёки амалдорлари "Ал-Қоида"га терактни амалга оширишда молиявий кўмак кўрсатганининг ҳеч қандай исботи йўқлигини" кўрсатган.

Бреннаннинг таъкидлашича, ҳужжатлар чоп этилса, "кимдир ундаги текширилмаган маълумотлардан фойдаланиши мумкин".

МРБ бошлиғи Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасидаги муносабатларнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтди. "Бизнинг Саудия Арабистони билан муносабатларимиз мустаҳкамдир. Бундай мустаҳкам муносабатлар иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ва разведка соҳаларида мавжуд", деб айтди Бреннан. 

Апрель охирида сенатор Боб Грэхем Fox News телеканалига АҚШ президенти Барак Обама тахминан кейинги 2 ой ичида 11 сентябрдаги терактлар тергови ҳақидаги ҳисоботнинг 28 саҳифасидан "мутлақ махфий" белгисининг олинишига буйруқ беришини маълум қилганди.

Ҳисоботнинг охирги бўлимидаги 28 саҳифасидан ташқари, 800 дан кўпроқ бети чоп этилган. Бу саҳифалар миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан зудлик билан махфийлаштирилганди.

Грэхемнинг айтишича, бу саҳифаларда терактни уюштирган Саудия Арабистони фуқароларига айнан ким ёрдам бергани ҳақида батафсил маълумотлар бор.

Терактни амалга оширган 19 террорчидан 15 нафари Саудия Арабистони, 2 нафари БАА, бир нафари Миср ва яна бир нафари Ливан фуқароси бўлган.