Ернинг энг чуқур жойидан онлайн-трансляция бошланди
АҚШ Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси Марианна чуқурлиги (Ернинг энг чуқур жойи)да кечаётган воқеаларни онлайн тарзда намойиш эта бошлади. Видеолавҳалар бошқарма сайти ҳамда YouTube’даги саҳифа орқали эфирга узатилмоқда, деб хабар қилмоқда The Guardian газетаси.
Тинч океанидаги Марианна чуқурлиги салкам 11 км (10994 метр +/-40 метр)ни ташкил этади, бу рақам денгиз сатҳидан баланд бўлган Эверест (8848 метр) чўққисидан ҳам баланд деганидир. 2016 йил апрель ойи охиридан бошлаб Okeanos Explorer илмий-тадқиқот кемаси ушбу чуқурликда изланишларни олиб бормоқда.
Лавҳаларни океаншунос мутахассислар изоҳлаб боришмоқда. Уларнинг айримлари Okeanos Explorer бортида бўлишса, бошқалари соҳилбўйида қолишган.
Масалан, намойишнинг 20 дақиқаларида олимлар денгиз юлдузи, ўзгача жилодаги денгиз бодринги, иккита денгиз губкаси ва бошқа сув ҳайвонларига дуч келишган.
Okeanos Explorer кемаси катта чуқурликка тушувчи қурилмалари ёрдамида олинган суратлар, лавҳалар бошқарма сайтига жойланмоқда.