Жаҳон | 09:03 / 09.05.2016
5334
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Россия ва Эрон Саудия Арабистонининг Осиё бозоридаги етакчилигига раҳна солмоқда

Саудия Арабистони Осиёга бош нефть етказиб берувчи мақомини йўқотмоқда, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal нашри.

1995 йилдан бери Саудия Арабистони нефть вазири лавозимини эгаллаб келган Али ал-Наимийнинг бу лавозимдан бўшатилишидан кейин Саудия Арабистонининг Россия ва Эрон каби давлатлар рақобати унинг Хитой, Япония ва Ҳиндистонга нефтни муваффақиятли экпорт қилишига раҳна солмоқда.  

Хитой Саудия Арабистонидан мамлакат учун зарур нефтнинг катта қисмини олади. Бироқ Россиядан Хитойга нефть экспорти бир йил ичида 10,6 фоизга кўпайди. Россиянинг географик жойлашуви уни Осиё нефть бозорида рақобатбардошроқ қилади. 

Россия шу билан бирга бошқа давлатларни нефть битимларини тузишда алоҳида имкониятлар билан жалб қилмоқда. Мисол учун, "Газпром" хитойлик харидорларга Россия нефтига долларда эмас, юанда ҳақ тўлашга рухсат берган.

Саудия Арабистони Япониядаги нефть бозоридаги улушини ҳам йўқотмоқда, унинг бу ердаги улуши 2015 йил март ойидан бери деярли 4 фоизга камайган. Россиянинг улуши эса 1 фоизга ошган.

Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги бу рақобатни Ҳиндистондандаги вазият ҳам кескинлаштирмоқда, бу давлатда нефтга талабнинг ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга бу рақобатга Эрон ҳам қўшилди. Эрон Осиё нефть бозорига катта қизиқиш билдирмоқда, унинг фаоллиги бошқа давлатларнинг Осиё нефть бозорларидаги улушини катта миқдорда камайтириши мумкин.