Жамият | 14:56 / 10.05.2016
7175
2 дақиқада ўқилади

Олимлар коинотнинг «математик модули»ни намойиш этишди

АҚШ, Германия ва Буюк Британия олимлари расман LMFDB (L-functions and Modular Forms Database- L-функцияси ва модуляр шакллар маълумотлар базаси) лойиҳасини тақдим қилишди. У сонлар назариясида кўплаб учрайдиган объектларни умумий тўпламга бирлаштирган. Шундай қилиб, EurekAlert математик коинот ҳақида хабар қилмоқда. 

Лойиҳа L-функциялар, эллиптик эгрилик ва модуляр шаклларга бағишланган. Умуман, олимлар сонлар назариясидаги 20 млн.дан ортиқ объектларни синфийлаштирган. LMFDB лойиҳаси маълумотлар манбасидан ташқари, визуаллаш тизими, тарихий ва умумий ахборотлар, шунингдек, лойиҳада қўлланилган очиқ дастурий таъминотнинг коди ва самарали қидириш имконига эга. 

Ягона маълумотлар базасини ишлаб чиқишда дунёнинг 12 мамлакатидан 80дан ортиқ математик иштирок этган. Мутахассислар, компьютерларда ҳисоблаш ишларини олиб бориш ва янги алгоритмлар ишлаб чиқишга бўлган уринишларини мувофиқлаштиришди. Айтиш жоизки, математикларнинг ҳисоб-китобларини оддий компьютер тахминан минг йилда якунига етказиши мумкин эди. 

LMFDB лойиҳаси устида 2007 йилдан бери иш олиб борилмоқда. Ҳозирги вақтда, юздан ортиқ илмий мақола лойиҳага таянмоқда. LMFDB сонлар назариясидаги кўплаб объектларни синфийлаштириб, улар орасидаги ўзаро боғлиқликни топишга имкон беради.