Жаҳон | 19:52 / 11.05.2016
3812
2 дақиқада ўқилади

Яманда ҳарбийлар колоннасига худкуш ҳужуми уюштирилиши туфайли 8 киши ҳалок бўлди

Яман ҳукумати ҳарбийлари колоннасига террорчи худкуш томонидан ҳужум уюштирилиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, шундан 6 нафари ҳарбий ва иккиси тинч аҳоли вакили. Бу ҳақда мамлакат хавфсизлик кучлари вакилига асосланиб Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

Яман шарқидаги ал-Катан шаҳри яқинида террорчи колонна яқинига автомобилда яқинлашиб келган ва портловчи қурилмани ишга туширган. Ҳужум натижасида 17 киши турли даражада тан жароҳатлари олгани айтилган.

Манбанинг маълумотига кўра, ҳарбий колонна таркибида мамлакат шимоли-шарқидаги армия бўлинмаси қўмондони ҳисобланадиган генерал Абдураҳмон ал-Халилий ҳам бўлган. Генерал ўрта даражада жароҳатлангани айтилган.

Бу ҳужум учун жавобгарликни ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Яманда бир томонида собиқ президент Абдулла Салоҳнинг тарафдорлари ҳамда шиалар (ҳусийчилар), иккинчи томонида мамлакатнинг амалдаги президенти Абд Раббо бошлиқ суннийлар турган томонлар ўртасида низолар 2014 йилнинг августида бошланганди. Лекин 2015 йилнинг 26 мартида қонуний ҳукуматни қўллаш мақсадида Яманда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ҳарбий амалиётлар бошлагач вазият янада мураккаблашди.БМТ маълумотларига кўра, ўтган вақт ичида 6,4 минг киши қуролли тўқнашувлар туфайли ҳалок бўлган ва 30 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.Айни вақтда мамлакат пойтахти Сано исёнчилар қўлида қолмоқда. Араб коалицияси 2015 йилнинг апрелида мамлакат жанубидаги порт шаҳар Адандан исёнчиларни қувиб чиқаргач, бу шаҳарга Абд Раббо ҳукумати жойлашган ва шаҳар Яманнинг вақтинчалик пойтахтига айланган.