14:29 / 12.05.2016
4522

Тараққий этган давлатларда абортлар сони кескин камайди

Ҳар йили бутун дунё бўйлаб 56 миллион мартага яқин абортлар амалга оширилади. Ривожланган мамлакатларда уларнинг сони тарихий минимум даражага тушган. Бу Lancet журналида чоп этилган илмий тадқиқот натижаларидан кўриниб турибди. 

Агар 1990 йилда бой мамлакатларда ҳар минг нафар аёлга 46та аборт тўғри келган бўлса, 2014 йилга келиб бу кўрсаткич 27та тушди. 

Олимларнинг фикрига кўра, абортлар сонининг камайишига бевақт ҳомиладорликдан сақланиш воситалари оммалашиши эвазига эришилган. 

Шу ўринда, ривожланаётган мамлакатларда абортлар сони бир хил даражада сақланмоқда – ҳар минг нафар аёлга тахминан 37та аборт. Статистикага кўра, ноқонуний бола олдириш амалиётда бу рақамларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, чунки ҳомиладорликдан қутулишни истаган аёлларни абортнинг қонунга зид эканлиги тўхтатиб қололмайди. 

Абортлар статистикасини дунёда биринчи бўлиб глобал тадқиқ этиш Буюк Британия, Нидерландия, Норвегия, шунингдек, АҚШнинг бир неча ташкилотлари томонидан молиялаштирилган. 

Тадқиқотчилар хулосаси бўйича, ҳар тўртинчи ҳомиладорлик аборт билан якун топади. Тўрттадан учта абортни оилали аёллар амалга оширади. 

Ҳудудий жиҳатдан олиб қаралса, энг кўп абортлар Кариб денгизи ороллари (ҳар минг нафар аёлга 65 та аборт), энг ками эса Шимолий Америкада (ҳар минг нафар аёлга 17 та аборт) содир этилади. 

Шарқий Европада абортлар сони кескин камайишига эришилди, ҳар минг нафар аёлга 88та абортдан 42тага қисқарди. 

Изланувчилар келтирган маълумотларга кўра, ривожланаётган мамлакатларда тахминан 225 миллион аёл туғилишни назорат қилиш имконига эга эмас.

Top