Жамият | 07:54 / 16.05.2016
20892
2 дақиқада ўқилади

Айшвария Рай Канни антиқа лаб бўёқлари билан ҳайратлантирди

Машҳур ҳинд актрисаси Айшвария Рай ўзи бош роль ўйнаган "Sarbjit" фильми учун антиқа реклама ўйлаб топди. Болливуд юлдузи ўз фильмининг Канндаги премьерасига ливанлик дизайнер Рами Кади томонидан яратилган, бисерлар билан безатилган пушти ранг кўйлакда келди. Бироқ бу кўйлакка актрисанинг антиқа бўялган лаблари олдида ким ҳам эътибор берди, дейсиз? Бир-икки одамгина, холос. Кўпчилик фотомухбирларнинг суратларида актрисанинг фақатгина юзи олинган. Бунга ажабланмаса бўлади, чунки дунё гўзалининг лабларига бинафшаранг лаванда гули рангидаги лаб бўёғи суртилган эди.  

Актриса ва унинг ҳамкасблари кинофестивалнинг қизил йўлакчасида тушган суратлари билан ижтимоий тармоқларда бўлишдилар. Улар изоҳларни #SarbjitPremiereAtCannes хэштеги остида чиқаришди. Ва бу хэштег саноқли соатларда ҳинд твиттерининг юқори поғонасига чиқди. Кўринишича, жуда кўпчилик бинафшаранг лабли Айшвариянинг сурати билан бўлишишни истаган.

Интернетда актрисанинг лаб бўёқлари борасида ҳазиломуз изоҳлар ҳам пайдо бўлди. Мисол учун, бундай изоҳларда юлдуз қора смородинали музқаймоқдан кўпроқ еб юборгани ёки смурфикдан бўса олгани ҳақида ҳазиломуз изоҳлар билдирилди. Бироқ ҳамма Айшвариянинг бундай қиёфада кўринишга жазм қила олганига тан берди.