08:33 / 16.05.2016
3770

Ryanair авиакомпанияси йўловчилари аҳмоқона ҳазил сабабли эвакуация қилинди

Икки эркакнинг парвоздан олдин самолёт салонидаги аҳмоқона ҳазили рейснинг қолдирилиши ва йўловчиларнинг эвакуация қилинишига сабаб бўлди.

Бу воқеа Норвегия пойтахти Осло яқинидаги Рюгге аэропортида Ryanair авиакомпанияси самолёти Британиянинг Манчестер шаҳрига учишга тайёрланаётганда содир бўлди. Икки йўловчи қолганлар устидан ҳазил қилишга қарор қилиб, атайлаб баланд овозда баҳслашишни бошлашди. Салондаги йўловчилар уларнинг суҳбатида "бомба" деган сўзни эшитиб, ваҳима кўтаришди. Брюсселдаги терактлардан кейин европаликлар бундай нарсаларга айниқса анча синчковлик билдирмоқдалар.

Шундан кейин полицияга портлаш хавфи ҳақида хабар тушган, барча йўловчилар зудлик билан эвакуация қилинган, самолёт текшириб чиқилган. Самолёт бортида ҳеч қандай шубҳали нарса аниқланмаган. Кейинроқ эркаклар ҳазил қилгани маълум бўлди.

Британ ОАВ Норвегия полициясига иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, "ҳазилкашлар" ҳибсга олинган. Улардан бири британиялик, иккинчиси шри-ланкалик бўлган.

Top