Ўзбекистон | 14:50 / 19.05.2016
9009
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлигида Корея республикаси элчиси билан учрашув ўтказилди

Ўзбекистон республикаси Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов Корея республикасининг ўз миссиясини якунлаган элчиси Ли Ук Хёк билан учрашув ўтказди.  Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар аҳоли бандлиги соҳасида икки мамлакат ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳамкорлиги энергетик ресурслар, автомобиль, текстиль, молия, АКТ ва бошқа соҳаларда жадал тараққий этиб бормоқда. Ўзбекистонда 400 корейс компанияси фаолият кўрсатмоқда. Улар ўн минглаб ишчи ўринларини ташкил этиш, илғор бошқарув технологиялари ва ноу-хауларни кенг тарқатиш йўли билан ўзаро манфаатли бизнесни ривожлантирмоқда.

Касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳанинг аҳамияти беқиёс. Ушбу марказларда корейс мутахассислари ўзларининг билим-тажрибалари ва технологияларини Ўзбекистон ёшлари билан бўлишмоқда, дея қайд этди элчи.

Меҳнат вазири ҳам ўз навбатида айнан Ли Ук Хённинг дипломатик миссияси давомида ўқув марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳа «иккинчи нафас»га эга бўлганини таъкидлаб ўтди. Вазир Ли Ук Хёкнинг элчилик миссияси даврида таълим марказлари ташкил этилгани ҳақида сўзлаб, Самарқандда 2013-2016 йиллар давомида шу мақсадда 6,4 млн доллар эвазига шундай лойиҳа амалга оширилганини эслаб ўтди. Худди шундай марказ Шаҳрисабзда 2014−2017 йилларда қурилиши учун 8,5 миллион доллар ажратилган. Келгусида Урганч ва Қўқонда ҳам шундай марказлар ташкил қилиниши режалаштирилган.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан  2007−2012 йилларда Тошкентнинг Сергели туманида 4 миллион доллар эвазига шундай марказ қурилган бўлиб, 2012 йил июлидан ушбу касбий тайёргарлик марказида шу вақтга қадар 1500 нафардан зиёд киши таълим олди. Марказнинг 95,8 фоиз битирувчилари биринчи ойданоқ юқори маош тўланувчи ишларга жойлашди.

Меҳнат вазирлиги раҳбари бўлғуси элчи ҳам кўзда тутилган режаларни амалга оширишда маҳкама билан ишончли ҳамкорлик олиб боришига умид билдирди. 

"Менинг хотирамда давлатларимизнинг ҳамкорлиги ва ўзаро ишончи рамзига айланган лойиҳалар, хусусан Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги билан ҳамкорликда йўлга қўйилган лойиҳа қолади", дея қайд этган Корея республикаси эличиси.