Жаҳон | 07:45 / 25.05.2016
7364
2 дақиқада ўқилади

Япония G7 саммити сабабли мисли кўрилмаган хавфсизлик чораларини кўрди

Япония 26-27 май кунлари Тинч океани бўйида, Касикодзима оролидаги Исэ-Сима миллий боғида ўтказиладиган G7 саммити сабабли мисли кўрилмаган хавфсизлик чораларини кўрди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги. Ҳаттоки йиғилиш ўтадиган жойдан 300 км узоқликда бўлган Токиода ҳам турли объектлар ва кўчаларни назорат қилиш учун 19 минг полициячи сафарбар этилди. Вокзаллар, савдо марказлари ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларда полициячилар жуфт-жуфт бўлиб, бир-бирларидан бор-йўғи бир неча ўн метр масофада юришибди.

Миллий боғ жойлашган Миэ ва унга ёндош Айти префектураларига Япониянинг турли ҳудудларидан 23 минг полициячи жалб қилинди. Полициячилар назорат қилишдан ташқари, автомобилларни текшириш учун кўп сондаги блок-постларда хизмат ўташмоқда.

Саммит ўтказиладиган ҳудуд аҳолиси ўз ҳудудлари бўйлаб фақатгина махсус рухсатномалар билангина ҳаракатлана олишади. Баъзи мактаблар Буюк Британия, Италия, Канада, АҚШ, Франция, Германия ва Япония етакчилари келиши олдидан машғулотларни бекор қилишди. Балиқчилар ва маржон йиғувчиларга денгизга чиқишга рухсат берилди, бироқ уларнинг қайиқ ва шхуналари синчковлик билан текширилгандан кейингина уларга махсус рухсатнома берилмоқда ва у ҳар куни янгиси билан ўзгартирилади.

Денгизда эса саммит ўтадиган жойни 100 га яқин катер қўриқлайди. Бу ерга Япония ҳарбий-денгиз кучларининг энг йирик кемаси –  "Идзумо" вертолёт ташувчиси бошчилигидаги ракета эсминецлари келди. Исэ-Сима устидан радар ва ҳарбий самолётлар назорат қиладиган парвозсиз ҳудуд киритилди.