Муаммолар гирдобида юрганлар учун: бир муштипар она жасорати
— Салом-салом, марҳамат, киринг. Мен, ҳозир, тирноқларимни қуритиб олай…
— Тирноқларимни? Қанақа тирноқлар? — деди ҳайратга тушган психолог.
У онкологик касалликка чалинганлар руҳияти билан ишлаб келади. Аниқроғи, ана шундай хасталикка чалинган болаларнинг ота-онаси билан ишлайди. Бу иш эмас, балки жазо. Ўлимга ҳукм этилганлар билан доимий алоқа.
Унинг мизожлари тирноқларини бўямайди. Ёрқин-да кўринишмайди, кулишмайди, жилмайишмайди. Байрам ва тантанлар улар учун эмас. Умуман ҳаёт улар учун эмас. Улар қора куйлакларда, хир тортган кўзлар ва сўлғин юзларда юришади. Доимий равишда бир нуқтага тикилганларича ўтираверишади, ўтираверишади... Улар ҳар кунги қора кун билан яшашади ва навбатдаги қора кунни кутишади.
Психолог уларга ўз жонларига қасд қилиб қўймасликлари учун зарур. Боласи ўлгач, кўпчилик ана шундай фикрга келиб қолади. Психолог “нима учун?”, деган саволга жавоб топишлари учун керак. Навбатдаги “нима учун?”га.
— Қанақа тирноқлар? — деб сўради психолог. — Сиз Ойдиннинг онасимисиз? Исмингиз Латофатми?
— Ҳа, мен ўшаман. Мана бу тирноқлар ҳақида гапиряпман, — деб жилмайди аёл. У бармоқларини ёйиб кўрсатганида, ажойиб этиб лакланган тирноқлар хона чироғида ялтираб кетди.
Латофатнинг ёши 30 да. 2 йил муқаддам унинг тўрт ёшли қизига онкологик касаллик билан чалингани ҳақида ташхис қўйилди. 4 босқич бўйича. Ўшанда у бу гапни эшитиб, умидсизликдан ерга чўкалаб қолди, сал қолса ақлдан озаёзди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас эди. У ҳар сафар қизига қараганда қаттиқ эзилар, инсон боласи кўтара олмайдиган юк уни эзарди. Бу ҳолат тушларига кўчди. У тушида тубсиз қудуққа қулар, қулардию, жон заҳмида унинг деворларини ушлаб олар, бармоқлари орасидан қон сизар, тирноқлари синар, жойида тўхтаб қолар эди. Оғриқлар остида уйғониб кетарди.
Она-бола курашишарди, албатта.
Латофат қўлидан келган барча ишни қилар эди: анаънавий тиббиёт, ноанаънавий тиббиёт. Шифокорлар, табиблар кўриги... Доривор гиёҳлар ҳам ёрдам бермади. Фолбинларни айтмайсизми? Онкология шифохоналарининг энг зўрлари.
«Балки, шу фойда берар» , деган тушунча метастазлар қизининг мия суягига етиб боргач, барҳам топди. Унинг хаёлидан бир гап ўтди: “барчаси тамом”.
Латофат тушуниб етдики, у энди ҳеч нарсани ўзгартира олмайди. Иккита танлов қолган эди: яшаш ва ўлиш. У улардан бирини танлашга мажбур эди.
Инсон учун доим танлов имконияти бўлиб келган, ҳатто қатл учун ўлимга олиб кетилаётган маҳбуснинг ҳам танлов имконияти сақланиб туради. Латофат билардики, ана шу иккита танлов уни барчасидан озод этади.
У яшашни танлади. Гўёки “ҳеч нарса содир бўлмагандек”. У шу пайтга қадар ҳаётида юз берган оғриқларни умри сўнгига қадар яшаб ўтишни истамади. У ўзинида, қисқа умри қолган қизинида ҳаётини барбод этишни хоҳламади.
ЯШАШ зарур эди, КУТИШ эмас...
Ҳа, касалхона палатаси ва ҳар кунлик заҳарли дорилар қизининг умрини узайтиришга қаратилган эди. Бу нарсани умр ҳам деб бўлмасди, аксинча битмас-туганмас оғриқлар эди...
Ойдин доим йиғлар ва уйга кетайлик, дея қўймасди. Уйга — қўғирчоқлари ёнига шошиларди у. Мультфильмларни, онаси пишириб берадиган ширин-ширин овқатларни-чи?.. Қанчалик соғинган эди уларни. Касалхонада эса кураш кетарди. Якуни маълум бўлган бу кураш нега зарур эди аслида?
Латофат боласини уйга олиб кетди.
— Бу аёл жинни бўлиб қолганми? — дейишди бошқа аёллар. — Боласига раҳми келмайдими?
Латофат барчасини ҳиссиётсиз тарзда, ақлан билиб бажарар эди. У қудуққа қулашни бас қилган эди. Қаддини, бошини кўтарди ва осмонни кўрди. Осмон бағрида кўзни қамаштирувчи қуёш нурларини илғади.
Латофат Ойдинни маҳкам қучоқлаганча, уйга қайтар экан, қизига қарата:
— Уйга кетяпмиз, Ойдингинам, уйга... — деди.
— Биз бу ерга бошқа қайтмаймизми? — умид билан онасига боқиб сўради қизча.
— Йўқ. Ҳеч қачон, — деди қатъий оҳангда аёл.
Шу кундан бошлаб, Ойдиннинг ҳолидан руҳшунос тез-тез хабар оладиган бўлди. Она ҳам мутахассис билан яхши чиқишиб, у билан ҳамкорлик қила бошлади.
Одамлар барча нарсага қизиқувчан, андишасизликми ёки қизиқишданми ва ёки ҳамдардлик юзасиданми, унга доим бир савол беришарди.
— Қалайсан?
Бу савол Латофат қалбининг туб-тубига сингиб кетар, аёл уларга ҳайратланиб қарар, ичида ҳамон исён қилаётган оғриқларни ташқарига чиқармасликка тиришар, сабр ва очиқ юз ила:
— Зўрман. Ҳаммаси жойида, — деб жавоб қайтаради. — Бугун айлангани кетяпмиз. Музқаймоқ оламиз, арғамчи учамиз, боғни сайр қиламиз.
Одамлар унга ажабланиб қараб қолишарди. Бунга нима бўлган ўзи? Унинг айтаётган гапларини боласи соғломлар ҳам кам гапиради, бу эса... Билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам унга маслаҳат беришга уринар, ҳаётлар дафтарини варақлаб, ундан арзигўлик гап топиб, аёлни юпатишга интилишар эди. Айримлари йиғлаб олишар, хўрсиниб, маюс боқишарди.
Латофат эса барчасига бошқача қарар эди. Унинг ҳаёт дафтари янгидан тутилган, ҳар бир куни, варағига чиройли битикларни битарди. Ҳар бир кун учун шукронада бўлар, яшашда давом этарди. Ҳаётининг ҳар бир саҳифасини қизининг кулгиси, қийқириғи, табассуми, ширин бўлиб ухлаб ётиши тўлдирар эди. Тун чўкарди. У қизига эртак айтиб берар, қизиқиб берган саволларига эринмасдан жавоб қайтарар, сўнгра Ойдиннинг оғир-оғир нафасини эшитганча ухлаб қолар эди. Эртасига эса, яна бир кун бошланар, Латофат барига шукр қилганча, яшашда давом этарди.
Ота-онаси, қариндошлари, хуллас, барча-барча яқинлари унга дашном бера бошлашди: “Қизингни хароб қиляпсан. Уни шифохонага олиб бор. Сен унга қарай олмайсан. Қанақа онасан ахир?..”. Латофат уларнинг гапини ўйлаб қоларди. Тўғри гапиряпти. Ҳар хил тиббиёт ускуналари остида ётган, қонига турли препаратлар юборилаётган қизи бу муолажалар туфайли бир неча кун узоқ умр кўриши мумкин. Аммо бу умр бўладими? Бундай яшаш, умрни яшаш ҳисобланадими? Аёл бора-бора бу гап-сўзларга аҳамият қаратмай қўйди.
Сенда барчаси жойида бўлиб, яшашда давом этсанг, бу бошқа бир тарих. Сенда барчаси ёмон бўла туриб, яшашда давом этсанг, бу энди умуман бошқа тарих. Латофат барча синовлардан бардош ила ўтди. У энди ўзга соҳилда эди. Хотиржамлик соҳилида... Шу сабаб у гўёки барчаси яхшидек, яшашда давом этарди.
— Латофат, сиз барчаси тугагандан сўнг, қандай яшашингиз ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? — деб эҳтиёткорлик билан сўради психолог. У жавобга тайёрланди ва қандай жавоб олишини ўзича тахмин қилди.
— Сўнгра? Менда режалар йўқ, аммо барчаси тугагач, нима қилишни яхши биламан…
— Нима?
— Денгизга кетаман. Узоқ ва кўп-кўп чўмиламан. Қуёшда тобланаман.
— Денгизга? Қизиқ, — психолог Латофатга ҳайратланиб қаради. У қаршисида ҳаёт қийинчиликларига синмаган аёлни кўриб турарди.
Латофат учун бу нигоҳлар таниш эди.
— Ўйлайсизки, бу тутуриқсизлик, андишасизликми? Одамгарчиликдан эмасми? Чунки барча шундай ўйлайди: отам-онам, опа-укаларим, қариндошлар, қўни-қўшнилар, танишлар... — деди у.
— Мен бундай деб ўйлаймайман Латофат. Рости, ҳатто тескари фикрдаман.
Латофат синиқ кулди.
— Сиз нимадандир қўрқаяпсизми? — деб сўради руҳшунос.
— Мен? — аёл ўйланиб қолди. — Менимча, энди йўқ. Мен ойдиннинг оғриқларидан қўрқаман, аммо уларни йўқотувчи морфий бор.
— Ойдиннинг соғлиғи қалай?
— Кун сайин сўлибборяпти. Аммо сабр қилишда давом этамиз.
— Кучингиз етмасачи?
— Етади. Чунки мен ҳар бир кунимга шукур қилиб яшашни ўргандим.
Психолог кетишга ҳозирлик кўра бошлади. У бу ерда кераги йўқлиги тушуниб етган эди. У бу онага ҳеч қандай янги гап, маслаҳат айта олмаслигини тушуниб етган эди. Қайтанга ўзи учун анча-бунча керакли нарсалар олди. Латофат унинг учун донолик ва сабр-тоқат рамзига айланди.
Латофатдан ғам ҳиди эмас, балки яқиндагина бўялган тирноқ бўёғининг ҳиди келарди. Яна озроқ шоколад ҳиди ҳам. Менимча улар Ойдин билан шоколадхўрлик қилишган шекилли.
Шу пайт хонадан қизча югуриб чиқди.
— Ойижон, ойижон,юринг камалак расмини чизамиз. Кеча телевизорда кўриб қолгандим!!! — деди қизча.
— Ҳозир бораман қизим. Меҳмонни кузатиб олай, хўпми?
— Ассалому алайкум, — деб сўрашди Ойдин психолог билан.
— Валекум ассалом — дея саломга алик олди психолог. У қизчани кўриб, ўпкаси тўлиб кетди. Сумкасини қўлига олганча, эшик томон яқинлашди.
— Сиз ажойиб аёлсиз Латофат, — деди у эшик ёнида. — Мен фаолиятим давомида бундай инсонни учратмаган эдим. Сиз ўзингизга ўзингиз психологсиз. Ҳатто мен ҳам сиздан кўп нарса ўргандим.
— Охо, раҳмат, раҳмат... — кулишга ҳаракат қилди Латофат. — Сизга ҳам куч-қувват тилайман.
Психолог лифт эшиклари ёпилгунга қадар Латофатдан кўз узмади. Аёл йўлакнинг кир босган деразасидан майнинг қуёшли осмонига тикилиб турарди.
Сарвар Анвар ўғли тайёрлади