16:20 / 26.05.2016
37272

Зарина Низомиддинова ҳамкасбларининг нега ҳалигача “келин бўлмаётгани”га изоҳ берди

Истеъдодли актриса Зарина Низомиддинова “Сабо” газетасига берган интервьюсида нега ҳамкасбларининг ҳанузгача келин бўлмаганига изоҳ берди.    

– Баъзи санъаткорларимиз жуда кеч оила қурмоқда. Айниқса, ҳанузгача келин бўлмаган машҳурлар ҳам талайгина. Сизнингча, улар кеч қолмаяптими? Ўзи аёл киши карьера қилиши муҳим ҳисобланадими?

– Улар карьера қилмаяпти (истеҳзоли кулиб), балки уларга муносиб номзод йўқ. Агар-чи, маъқул номзод топилса бор-ку, қиз бола 17 ёшида ҳам турмушга чиқиб кетаверади. Карьерани турмушга чиққач ҳам қилаверади, агар шунчалик ҳам истаётган бўлса. Оқ отдаги шаҳзодасини кутяпти-да. 

Ўзи қизлар табиатида жуда бир ақлга сиғмас тушунча бор. Ўзларича дунёда йўқ, реал ҳаётда топиш мушкул бўлган одамларни кути-и-иб юришади. Кутади, кутаверади... Мана шунақа қилиб вақтни ўтказиб юборади. Аёл учун биринчи ўринда, албатта, оила муҳим. Қилган карьераси унга тилладан тахт ясаб берадими ёки ўзлари орзу қилган идеал бахтни тортиқ қилармиди?! Ҳеч қачон! Ҳеч ким эришолмаган ютуққа эришсангиз-у, ҳавас қилгулик майли кичик ва оддий бўлсин оиланг бўлмаса, қилган карьерангизнинг кимга кераги бор?  

– Бугун соҳаси бир бўла туриб оила қурган кўплаб машҳурларнинг ҳаёти кўнгилдагидек бўлмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Икки санъаткорнинг бирга оила қуриши сизнингча бахтли турмушга неча фоиз кафолат бера олади?

– Қандай турмуш қуриш бу одамларнинг ўзига боғлиқ. Балки юз фоиздир, балки умуман... Мана, бошқа санъаткоралар ҳам битта соҳада фаолият олиб боришларига қарамай ҳаёти ҳавас қилгулик даражада силлиқ кетяпти-ку?  Энди оиланинг мустаҳкамлиги ҳам аёл кишига кўпроқ боғлиқ-да. Аёл деган зот пастроқ турса, эркак сал баландроқ ўшқирганида, шартакилик қилмаса, бетгачопар бўлмаса, гулдай бахти хазон бўлармиди? Нима бўлган тақдирда ҳам аёл киши барибир бир поғона пастроқ юриши даркор. Бу борда эса кўпчилик тенг ҳуқуқлиликка даъво қилиб, хатога йўл қўяди. Бир поғона паст бўлганинггиз билан билан ҳуқуқингиз, камайиб қолмайди, балки оилангиз, бахтингизга дарз кетмаган бўлади. 

Берган саволингизга тўлиқроқ ва тушунарли қилиб жавоб берсам, мана икки санъаткор оила қуришди. Оила бошлиғи дейлик қўшиқчи, хонадон бекаси эса актриса. Аёл ўйлаши керак, “Актрисалик фаолиятимни давом эттирсам: нуқул бошқалар билан роль ижро этиш керак, хизмат сафарларига бориш зарур. Тунлари кеч қолиб, тонг маҳали уйга кириб келсам, турмуш ўртоғимга ким ғамхўрлик қилади?” Ижод, санъат оилавий муаммолар билан ҳисоблашмайди, иккиси икки жойда. Ҳа, буларнинг учрашишга ҳам вақти бўлмай қолади-ку?.. Икки санъаткор оила қурдими, демак аёл киши бахтининг бутунлиги, оиласининг тинчлиги учун ҳам санъатдан кетиши даркор. Ҳар ҳолда эркак киши ишини ташламаса керак? Мана шунда ҳаммаси силлиқ давом этади.  

Актриса Зарина Низомиддинова журналистнинг айрилиқ шу кунгача неча маротаба эзилишига сабаб бўлгани ҳақидаги берган саволига “Бир маротаба дадасидан айрилганида эканлиги, ўшанда жуда ҳам қийналгани, умридаги  энг катта жудолик бўлганини таъкидлаган. 

- Ҳар бир фарзанд учун отасидан айрилиш бу жуда оғир, - дейди актриса суҳбат давомида маҳзун бўлиб. 

Яна актриса суҳбат давомида “Яратганга шукр онажоним ҳаётлар. Илоҳим бахтимизга узоқ умр кўриб, доим қўллари дуода бўлиб турсин!  Қолган айриқларга эса у қадар куйинганим йўқ. Ҳаммаси тақдирдан, дея стрессга тушган эмасман. Аёл киши кўп нарсаларга кўникиб борар экан, ҳар қандай айрилиқларга ҳам. Фақат жудолик жуда оғир”, дея ўз фикрларини баён этган.

Top