06:49 / 27.05.2016
7408

Қирғизистонда мактаб ўқувчиси ГАЗ-53 юк машинасида синфдошини босиб кетди

Қирғизистонда мактаб ўқувчиси ГАЗ-53 юк машинасида синфдошини босиб кетди. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлигига Талас вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати бош назоратчиси Максат Абдисейитов маълум қилди.

"9-синф ўқувчиси ГАЗ-53 юк машинасида дам олгани борган, орқага ҳаракатланаётганда унинг синфдоши юраётган машинага ўтирмоқчи бўлган, бироқ йиқилиб тушган ва машина унинг устидан ўтиб кетган. Фавқулодда воқеа вақтида ён атрофда катталар бўлмаган", деб айтди Абдисейитов.

Фожиа 24 майда Талас туманининг Оқ Қайин деган жойида юз берган. Ўсмир шифохонага олиб келинган, бироқ ўзига келмай вафот этган. Юк машинасини бошқарган ўсмир эса карахт ҳолатда шифохонага ётқазилган.

ИИБда маълум қилинишича, бир гуруҳ ўқувчилар ўқитувчилари ва ота-оналарига маълум қилмай, экскурсияга боришган. Юк машинаси ўқувчининг отасига тегишли бўлган.

Айни вақтда ушбу фожиа юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Top