Иқтисодиёт | 12:51 / 04.06.2016
10567
2 дақиқада ўқилади

«Ҳамкорбанк»дан хорижий валюта операцияларига қўйилган чеклов олиб ташланди

Ўзбекистон Марказий банки «Ҳамкорбанк»дан аввал жорий этган юридик шахслар билан хорижий валюта операцияларни амалга оширишга қўйган чекловни олиб ташлаганини маълум қилди. Бу ҳақдаги маълумот МБ сайтига жума куни жойлаштирилди.

Февралда МБ олти ой муддатга «Ҳамкорбанк»нинг юридик шахслар билан хорижий валюта операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини тўхтатган эди. Чеклов мазкур муддатдан аввалроқ бекор қилинди.

«Ҳамкорбанк» 1991 йилда Андижонда «Андижонбанк» сифатида фаолиятини бошлаган. 2000 йилда эса айни дамдаги номга эга бўлган. Бугунги кунда бутун республикада филиаллар тармоғига эга.

Банк акционерлари орасида — Халқаро молия корпорацияси (2010 йил майдан) ва Голландия тадбиркорликни ривожлантириш давлат корпорацияси (FMO, 2014 йил октябрдан) ўрин олган.

«Ҳамкорбанк» молиявий ҳисоботига кўра, ўтган йил якунларига бўйича банк активлари 2,966 трлн сўмни, мажбуриятлари — 2,665 трлн сўмни, бир йил давомидаги фойдаси эса 89,85 млрд сўмни ташкил этган.