Сноуден АҚШ махсус хизмати ҳар бир япониялик ортидан кузатишини маълум қилди
АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) билан ҳамкорлик қилган пудратчи компаниянинг собиқ ходими Эдвард Сноуден барча японияликлар АҚШ ҳукумати ташаббуси билан йўлга қўйилган оммавий кузатув объектлари эканликларини маълум қилди. Сноуден бу фош қилувчи маълумотлар билан Токиодаги хавфсизлик муаммолари симпозиуми иштирокчилари билан Россиядан туриб видеоалоқа орқали бўлишди, деб ёзмоқда The Japan Times нашри.
"Улар сиз қайси динга эътиқод қилишингизни, нимани яхши кўришингизни, ким ҳақида қайғуришингизни биладилар. Бизнинг вазифамиз ҳар бир одамнинг ҳаёт тарзини гавдалантиришдан иборат бўлган", деб айтди Сноуден.
Сноуденнинг айтишича, одамлар мобиль телефон ёки компьютер орқали узатадиган барча ахборот қонуний асосларда АҚШ разведкаси томонидан таҳлил қилиш учун йиғилиши мумкин.
Сноуденнинг фикрича, Япония учун фуқароларнинг махфийликни таъминлаш тизимини назорат қилишдаги иштирокининг йўқлиги ҳамда фуқаролар томонидан ҳукуматни назорат қилишнинг заифлиги жиддий муаммолар ҳисобланади.
Сноуден Япония ҳукуматига бир қатор соҳаларда ахборотни махфийлаштиришга имкон берувчи ва бу сирни ошкор қилган давлат хизматчилари ва уни олишга уринган журналистларга қамоқ жазоси билан хавф солувчи, 2013 йилдаги давлат сирини қўриқлаш ҳақидаги қонунни демократияга хавф солишини айтди.
Унинг айтишича, бу баҳсли қонуннинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши ортида АҚШ ҳукумати турган, унинг мақсади МХАнинг Япониядаги жосуслик фаолиятига кўмак бериш бўлган.
Сноуден ҳукумат томонидан бундай таҳдидларга қаршилик кўрсатиш учун ОАВ соҳасида бирлашишга чақирди.
Сноуден, шунингдек, агар имконият берилса, ватанига қайтиш истагини билдирди.
"Мен барчаси кузатиладиган ва назорат қилинадиган дунёда яшамоқчи эмасман", деб қўшимча қилди Сноуден ва одамлар келажак авлодлар учун кузатувдан холи бўлган жамият шакллантириш устида ишлашлари кераклигини таъкидлаб ўтди.
Сноуден Японияда 2009-2011 йиллар яшаган. У МХА билан Йокотадаги америка базасини кузатиш дастури бўйича шартнома асосида ишлаган Dell Inc. компьютер компанияси ходими бўлган.
АҚШда Сноуденга жосуслик қилишда айблов қўйилган. Агар у ватанига қайтса, 30 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилиниши мумкин. 2014 йилда Россия ҳукумати унга 3 йиллик яшаш учун рухсат берган.