Жамият | 16:01 / 07.06.2016
4056
3 дақиқада ўқилади

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар – 2016” мавзуида ижтимоий сўров ўтказилди

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар – 2016” мавзуида ижтимоий сўров ўтказди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Сайлов билан боғлиқ кенг кўламли чора-тадбирлар сўровда иштирок этган аксарият фуқаролар томонидан ижобий баҳоланди. 
Турли ижтимоий қатламга мансуб фуқароларнинг деярли барчаси мустақиллик йилларида маҳалла институтининг нафақат маънавий, балки сиёсий, иқтисодий, ижтимоий масалаларни ҳал этишдаги ўрни мустаҳкамланганини алоҳида қайд этди. 

Сўров иштирокчиларининг 96,8 фоизи маҳалланинг ўзи ҳамда оиласи ҳаётида муҳим ўрин тутишини, истиқомат қилаётган ҳудудида осойишталик, барқарорлик, ободлик таъминланишида, демократик тамойиллар қарор топишида муҳим роль ўйнаётганини билдирган.

Аҳолининг аксарияти (95,7) фоизи айни пайтда мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтаётганидан хабардор.

Маҳаллалар аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, айниқса, оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ҳудудни ободонлаштириш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш каби ўттиздан зиёд вазифа ва ваколатларни амалга оширмоқда.  Ҳар бир инсон ҳаётига бевосита дахлдор бу масалалар ечими маҳаллага тегишли экани, бу борада маҳалла фаоллари изчил ишларни амалга ошираётганини сўровда иштирок этганларнинг 80 фоизи қайд этган. 

Аҳоли бўлиб ўтаётган сайловларга алоҳида эътибор билан қараб, фуқаролар йиғини раисига муносиб номзод сайланишидан манфаатдор эканини билдирган. Маҳалла раислигига кимларнинг номзоди кўрсатилгани, уларнинг дастурида нималар кўзда тутилганини билишга қизиқиш бу галги сайловда сезиларли даражада кучайган. Деярли 80 фоиз аҳоли сайлов кампаниясида иштирок этиш ниятида эканини билдиргани шундан далолат беради.      

Ижтимоий сўров натижалари яна шуни кўрсатдики, бўлиб ўтаётган сайловларда аёллар фаол иштирок этиш билан бирга, улар фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиси лавозимига сайланмоқда. Бу мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни ва роли ортиб бораётганини кўрсатади.