Жамият | 09:29 / 09.06.2016
28952
4 дақиқада ўқилади

Ҳавонинг ифлосланиши инсон ҳаётига хавф солмоқда

Атроф муҳитнинг ифлосланиши оқибатида келиб чиқадиган касалликлар туфайли ҳар йили сайёрамизда камида 5 ярим миллион киши вафот этади. 2050 йилда бу рақам 6 миллион кишидан ортиб кетиши айтилмоқда. Шундан тенг ярми Ҳиндистон ва Хитой ҳиссасига тўғри келади. Ифлос ҳаво оқибатида 2013 йилда Хитойда 1 миллион 600 минг, Ҳиндистонда бир ярим миллионга яқин, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида 300 мингга яқин киши вафот этгани айтилади. АҚШнинг кўплаб минтақаларида транспорт ва электростанциялардан чиқаётган тутунлар ҳавони ифлослантиради. Бу, ўз навбатида, мамлакатда қайд қилинадиган ўлимларнинг 20 фоизига сабаб бўлади. Шарқий Америка, Европа, Шарқий Осиёда қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган заҳарли моддалар ҳавони ифлослантирар  ва ўлимларнинг 40 фоизига  сабаб бўлар экан.

2013 йилда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Онкологик касалликларни ўрганиш Халқаро агентлиги (IARC) Ҳисобот эълон қилди. Унда ҳавонинг ифлосланиши саратон касаллигининг асосий сабабичиси экани айтилади. Жаҳонинг кўплаб мамлакатида ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ вазият оғир. “Сайёрамиздаги ҳаво барча инсонларга тегишли эканлигини англаб етадиган пайт етиб келди. Биз ҳавонинг тозалиги учун маъсулиятни англаб етишимиз керак”, дейди Онкологик касалликларни ўрганиш Халқаро агентлиги вакили Дана Лумис.

Ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган ўлимларнинг 50 фоизига кўмир сабаб бўлар экан. Шу сабабли кўплаб мутахассислар кўмирдан кўра табиий газдан фойдаланишга ўтиш вақти  келаганини айтишади. 

Мавжуд муаммо борасида тадқиқот ўтказган АҚШнинг Бостон шаҳридаги Health Effects Institutes компанияси мутахассислари ўз хулосаларини эълон қилишди. Американинг Йель университети олимлари эса суньий йўлдошлардан олинган суратлар орқали ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ жаҳон харитасини яратишди. Унда бугунги кунда Деҳли ва Пекиндаги ҳавонинг ифлосланиши белгиланган меъёрдан 8-10 баробар юқори экани тан олинади. Пекин дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири сифатида қайд қилинган. Бунинг сабаби шаҳарда автомобиллар сонининг кўплиги ва қўшни Хэбэй ва Хэнандаги заводлардан заҳарли тутунларнинг чиқиши экани айтилади.

Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги 50 йил мобайнида ҳаво ифлосланишининг олдини олиш борасида Шимолий Америка, Ғарбий Европа ва Японияда бир қатор ютуқлар қўлга киритилди. Бунинг учун мазкур минтақаларда ҳавони ифлослантирмайдиган ёқилғи ва двигателлардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди, кўмир истеъмоли камайтирилди

Маълумки, ҳаво ифлосланишининг асосий манбалари сифатида электростанциялар, заводлар, автомобиллардан чиқаётган газлар кўрилади. Кўмир ва ўтинлардан чиққан тутун ҳам узоқ муддат ҳавода ушланиб қолади. Бу ҳам, ўз навбатида, инсон саломатлиги учун катта хавф сифатида кўрилади.

Канададаги Ванкувер университетининг жамоат соғлиқни сақлаш факультети ўқитувчиси Майкл Бранернинг сўзларига қараганда, ҳавонинг ифлосланиши жаҳондаги ўлим сабаблари рўйхатида тўртинчи ўринда туради. Аммо америкалик олимларнинг айтишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган касалликлар туфайли қайд қилинадиган ўлимлар жаҳонда иккинчи ўринда туради. Биринчи ўринда тамаки чекиш орқали келиб чиқадиган касалликлар оқибатида юз берадиган ўлим туради. Ҳар йили тамаки 6 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлиши, бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.

 Бугунги кунда экологияни соф ҳолда сақлаш мақсадида дунё бўйлаб заҳарли газларнинг ҳавога чиқаришни камайтириш борасида қатор режалар ишлаб чиқилган. Мутахассисларнинг фикрича, агар ҳавога заҳарли моддаларнинг чиқиши камайтирилмайдиган бўлса, у ҳолда яқин келажакда ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган ўлимлар сони ортиб бораверади.

Шарофидин Тўлаганов