Жаҳон | 17:01 / 16.06.2016
12331
5 дақиқада ўқилади

Дефолтга учраган давлатлар ҳақида нималарни биламиз?

Халқаро Валюта жамғармаси экспертларининг фикрича, 1812 йилдан  2012 йилгача бўлган муддатда камида  83 мамлакат ташқи ва ички қарзларни тўлай олмагани боис банкротга учраган.

Эътиборлиси шундаки, банкротга учраган давлатлар орасида АҚШ, Япония, Буюк Британия, Хитой ва Германия ҳам бор. Масалан, Греция ва Туркия олти марта дефолтни бошдан кечирган. АҚШ эса 200 йиллик тарихи давомида беш марта дефолт хақида баёнот берган.

Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, АҚШ бир марта ташқи қарзини, тўрт марта эса ички қарзларини тўлай олмаган. Биринчи банкротлик 1790 йилда, сўнггиси эса 1933 йилда қайд қилинган.

Тарихда Европа қитъасидаги 47та мамлакатдан 22таси касодга учрашдан қочиб қутила олмаган. Германия 212 йил мобайнида 8 марта дефолтни бошдан кечирди. Сўнгги бор бу мамлакат Иккинчи жаҳон уруши сабаб 1939 ва 1948 йилларда “синган”. 

Банкротлик бўйича Испания олдинги ўринларда туради. Бу мамлакат 19 асрда 8 марта 20 асрда эса бир марта дефолт эълон қилган.

Осиёда эса 47та мамлакатнинг  14таси мазкур муаммо билан тўқнаш келган. Шу ўринда Япония, Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатларни ҳам мисол сифатида келтириш мумкин.

Лотин Америкаси мамлакатлари банкротлик бўйича бошқа давлатларни ортда қолдириб кетади. Минтақадаги 12та мамлакатнинг бирортаси ҳам бу муаммодан қочиб қутила олмаган. 10 мартадан дефолтга учраган Венесуэла, Перу ва Эквадор жахон рекордини ўрнатган. Бу мамлакатлардан кейинги ўринда 9 мартадан банкротга йўлиққан Бразилия, Мексика, Уругвай, Чили туради. Аргентина ҳам бир неча марта банкротга учраган.

Океания минтақасидаги 12 мамлакатнинг бирортаси ҳам банкротга учрамаган.

Сўнгги 20 йилда касодга учраган давлатлар хақида
Шу давр мобайнида Мексика 1994 йилда, Россия 1998 йилда, Аргентина  2001 йилда ва Уругвай 2003 йилда банкрот дея эълон қилинган.

1997 йилда  янги бозор пайдо бўлиши билан Россия халқаро инвесторларнинг ишончини қозонишга ҳаракат қилган эди. Бироқ 6 йиллик ислоҳотлар самара бермади. Мамлакат маошларнинг камлиги, аҳолининг қашшоқлиги туфайли "бир жойда туриб қолди". Ўша йили Осиёда кузатилган инқироз туфайли Россия рубли беқарор бўлиб қолди. Вазиятга Халқаро Валюта жамғармаси аралашмаса бўлмайдиган ҳолатга юзага келади. Натижада, Москва Халқаро Валюта жамғармасидан 22,6 миллиард  доллар қарз олди ва давлатнинг қисқа муддатли облигациялари узоқ муддатли евробондларга алмаштирилди. Бу қўллаб-қувватлаш қисқа даврда самара берди. Ҳукумат август ойида пулни девальвация қилишга ва ички қарзлар бўйича дефолт эълон қилишга қарор қилди. Ташқи қарзларни тўлаш муддати узайтирилиши сўралди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакат зудлик билан инқирозни бартараф этишга муваффақ бўлди. Бир йилга етар-етмас иқтисодий ўсиш кузатила бошланди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари сўнггидаги чуқур инқироз Аргентинада тақчилликка сабаб бўлди. Бу мамлакат сармоядорларнинг ишончини йўқотди. Бу ўз навбатида мамлакатдан хорижий капиталнинг чиқиб кетишига олиб келди. Вазият ёмонлашиб кетишидан хавотирга тушган аҳоли 2001 йилда банкларда сақланаётган пулларини олишга мажбур бўлди. Миллий валюта долларга айлантирилиб, хорижга олиб чиқилди. Ҳукумат бир йил мобайнида банкдаги пулларни музлатиб қўйди. Одамлар кам миқдордаги маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўлишди. Бундан норози бўлган одамлар кўчаларга чиқишга қарор қилди. Ҳукумат тақчилликка қарши курашиш мақсадида ўз зиммасига бир қатор мажбуриятлар олган ҳолда давлат облигацияларини эркин сотувга чиқарди. Бироқ ҳукумат зиммасидаги мажбуриятларни бажара олмади. Орадан кўп ўтмай давлат қарзларни тўлай олмаслигини айтди. Хорижий сармоядорлар чиқиб кетгани, капитал келмагани, ишсизлик 25 фоизга ўсгани боис Аргентина осмонида қора булутлар пайдо бўлди. Қишлоқ хўжалиги инқирозга юз тутди. Давлат облигацияларига эга бўлган одамларнинг катта маблағларидан айрилди. Кўплаб корхоналар беркитилди. Уйсизлар сони ошиб борди. 2005 йилда ҳукумат келишувга рози бўлди. Унга кўра, дефолт туфайли қадрсизланган облигацияларнинг 76 фоизи бошқасига, шунда ҳам жуда арзон нархда алмаштириладиган бўлди.

Уругвай ҳам Аргентинадаги инқирооз таъсиридан қочиб қутила олмади. Буэнос–Айрес ўз банкларидаги капиталлар устидан назоратни кучайтирган бир вақтда Уругвай ҳам мана шу инқироз домига тортилди.

Шарофиддин Тўлаганов тайёрлади