Жаҳон | 06:35 / 21.06.2016
4979
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги: жиноятлар учун динни ниқоб қилаётганлар қаршиликка учрайди

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовнинг фикрича, у ёки бу диннинг ҳақиқий тарафдори билан динни важ қилиб, қонунга қарши ҳаракатлар амалга оширувчиларни фарқлаш керак.

"Бизнинг давлатда биринчи навбатдаги бош тамойил – бу исталган динга эътиқод қилиш эркинлиги, диний мансублик бўйича ҳеч қандай таҳқирлаш, камситиш йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, бу тамойил конституция билан мустаҳкамланган. Давлатимизнинг яна бир тамойили жамоатчилик тартиби, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳисобланади. Оқтўбедаги фожиа бу саволларни юзага келтирди. Ҳа, биз бир қатор давлатлар ўзининг салафийлик оқими диний ғояларига амал қилишини биламиз, бу расмий давлат дини ҳисобланмайди, бироқ бу оқим у ёки бу давлатларда устунлик қилади", деб айтди Идрисов журналистларга Остонада.

Идрисов Қозоғистон бунга "ҳурмат ва бамайлихотир қарашини" айтди.

"Ҳудудимиздаги тажриба ўз шахсий қадамларимиз ва сиёсатимизни ишлаб чиқишни уқтиради, шунинг учун аҳолининг қандайдир гуруҳлари у ёки бу оқимларни ниқоб қилиб, қонунга қарши ишлар қилса, Оқтўбедаги ярамаслар каби, давлат энг қатъий жавобни беради", деб таъкидлаб ўтди Идрисов. Унинг айтишича, ҳозир "дунёда энг катта муаммо шундаки, ислом зарба остида қолди".  

"Ўзини исломга эътиқод қилиб кўрсатувчи аҳоли гуруҳлари бор, бироқ аслида улар бундай эмаслар, улар қилаётган иш, улар тарғиб қилаётган нарсалар исломнинг ҳақиқий арконларидан анча узоқда турувчи нарсалар ҳисобланади. У ёки бу оқимнинг ҳақиқий тарафдорлари ва бу оқим ортига яшириниб, умуман бошқа ишларни амалга оширадиганларни фарқлаш керак", деб ўз сўзларини якунлади Идрисов.

5 июнда номаълум кимсалар гуруҳи Оқтўбеда иккита қурол дўкони ва ҳарбий қисмга ҳужум қилди. Шаҳарда аксилтеррорчилик операцияси тартиби эълон қилинди. Террорчиларнинг ҳужуми оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, улардан 3 нафари ҳарбий бўлган. Охирги маълумотларга кўра, 18 жиноятчи йўқ қилинган, 9 нафари қўлга олинган. Аввалроқ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Оқтўбедаги террорчилик ҳамласини салафийлик оқими тарафдорларининг иши деб айтганди.