Фан-техника | 01:18 / 25.06.2016
28707
5 дақиқада ўқилади

Инсон яқинда уларни ҳайдашни бошлайди: 15 та электромобил ҳақида маълумот

Бензинли двигателлар эраси якунланаётгани ҳақида ҳеч ким тортишувга бормаса керак. Яқин келажакда йўлларда электромобиллар пайдо бўлиши ҳам ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Хорижда улар сони ошиб бормоқда. Йирик авто ишлаб чиқарувчи компаниялар ўзларининг электромобилларини тақдим этишга улгуришди. Уларнинг 15 тасини 2020 йилда фойдаланишга топширилиши кутилган.

Tesla Model 3

Яқинда Tesla компанияси Model 3 ни тақдим этди. У илк оммавий ва арзон  электромобил бўлди. Model 3 ни ишлаб чиқариш 2017 йилнинг охиридан бошланади. Машина 35 минг доллар бўлиши кутилмоқда. Бундай нархда ҳали электромобиль чиқарилмаган.

Tesla Roadster

Элон Маск 2019 йилда Roadster моделини чиқаришни режалаштирмоқда. Янги автомобиль ҳақида ҳеч қандай янгилик йўқ. Унинг тезлик учун чиқарилаётгани аён холос. Элон Маскнинг айтишича, у юз километрли тезликка уч сония ичида чиқа олади.

Chevrolet Bolt EV

General Motors ўзининг илк электромобили Chevrolet Болт EV деб номланган моделини тақдим этди. Автомобиль сотувга 2016 йилнинг сўнгида чиқарилади. У бир қувватланиш билан 300 км масофани боса олади. Унинг нархи 30 минг доллар атрофида бўлади.

Audi Quattro E

Audi 2018 йилга келиб ўзининг илк электромобил йўлтанламасини чиқаради. Янги машина Quattro’нинг классик концепцияси асосида ясалган. Унда учта мотор бўлади, бир қувватланиш билан 400 км масофани босиб ўтади.

Porsche Mission E Concept

Porsche ҳам ўз электромобилини намойиш этди. У 2020 йилга келиб сериали ишлаб чиқарила бошлайди.  Компания анонсида келтирилишича, Mission E Concept 15 дақиқа ичида 80 фоиз миқдорда қувватланади. Бир қувватланиш билан 400 км.дан зиёд масофани босиб ўтади. Бундан ташқари, у жуда тез бўлиб юз км.ли тезликка уч сонияда эришади.

Aston Martin Rapide

Британиянинг Aston Martin авто ишлаб чиқарувчисининг маълум қилишича, у Хитойнинг LeEco технологик фирмаси билан бирлашиб ўзининг Rapide электрокарини ишлаб чиқаради. Тайёр прототип дунё юзини 2018 йилда кўради. Унинг баҳоси 200 минг доллар бўлиши кутилмоқда.

Faraday Future

Афсонавий концепт-кар бутун дунё ақлини шоширмоқда ва бу бежизга эмас. Янги бренд ўз электромобилларини премиум-синфда ишлаб чиқаради ва Tesla’га жиддий рақиб бўлиши мумкин.

Volkswagen Budd-E

Volkswagen Group сўнгги ўн йиллик ичида ўзининг бир қанча электрокарини чиқаришни режалаштирмоқда. Volkswagen бош директори Маттиас Мюллернинг маълум қилишича, авто ишлаб чиқарувчи 2025 йилда 30 дан зиёд электрокар моделини чиқаради. Улар орасида оилавий авто ҳисобланмиш Budd-E модели ҳам бор.

Hyundai's Ioniq EV

Hyundai Ioniq EV айрим бозорларда 2017 йилдаёқ пайдо бўлади. Ioniq электромобили март ойида ўтган Женева автосалонида намойиш этилган эди.

Citroen E-MEHARI

Мана шу йил Citroen ўзининг бутунлай электрлашган E-MEHARI моделини намойиш этади. Сотув Францияда бошланади. Ушбу кичик кўринишдаги автомобиль бир қувватланиш билан 200 км масофани босиб ўтади.

Mercedes-Benz B250E

Mercedes-Benz компаниясининг Daimler бўлинмаси турли синфларга кирувчи иккита электрокар ишлаб чиқаришни режалаштирган. Улардан бири B250E деб номланади ва бир қувватланишда 200 км масофани босиб ўтади.

Ford

Компаниянинг бош директори Марк Филдснинг маълум қилишича, 2020 йилда компания ишлаб чиқараётган 40 фоиз автомобиль электрлаштирилишини истайди. Марка режасида 13 та электрокар моделини ишлаб чиқариш турибди.

Volvo

Volvo ўзининг илк электрокарини 2019 йилда чиқаради. Volvo компаниясининг бош директори Хакан Самуэльсоннинг маълум қилишича, 2020 йилга келиб жаҳонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг 10 фоизи электрлаштирилади.

Nissan Leaf

Nissan ҳам Leaf электрокар моделини чиқаришни режалаштирган. У бир қувватланишда 300 км масофани босиб ўтади.

Apple

Apple корпорацияси ўзининг илк электрокарини 2019 йилда чиқаришни режалаштирган. Бутун дунё биринчи iCar қанақа бўлишини кутмоқда.

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади