23:30 / 25.06.2016
11623

Роналду, Бэйл ва бошқа 1/8 финал иштирокчиларининг "ишонган тоғлари"

«Реал» жамоадошлари, Тьери Анрининг қўл билан урган голи учун қасос олиш имконияти, икки турли "қутб" футболчилари қарама-қаршилиги. Хуллас, Евро-2016 1/8 финали ўйинлари ҳақида сўз юритамиз. 

Швейцария - Польша. 25 июнь, 17:59

Агар сиз Швейцария ва Польша жамоаларининг ўзаро ўйини хусусида, уларнинг гуруҳ босқичидаги натижасини эътиборга олган ҳолда хулоса қиладиган бўлсангиз, бу ўйинни томоша қилишни хоҳламай қолишингиз аниқ. Бироқ қайд этиш керак, улар қандай натижани кўрсатганига қарамай, ўйин жиҳатидан савияси юқори эканини исботлашди. Швейцарлар Руминияга қарши ўзининг охирги вақтлардаги энг ажойиб ўйинларидан бирини ўтказган бўлса, поляклар Германия синовида тобланишди. 
Бундан ташқари, бугунги ўйинда Роберт Левандовски алоҳида эътиборда бўлиши табиий. Гарчи бу йилги чемпионатда гол ура олмаган бўлса-да, ҳимоячилар эътиборини ўзига тортиш билан жамоасига ёрдами тегмоқда. Бироқ бу сафар Родригес, Шер ва Журу каби ҳимоячиларга нисбатан у қандай чоралар кўра оларкин?  

Британча дерби

Уэльс – Шимолий Ирландия. 25 июня, 20:59

Тасаввур қила оласизми, шотландлар ўзларини қандай ҳис қилишмоқда экан? Ахир Европа чемпионатида ўз вакилларига эга бўлмаган ягона Буюк Британия давлати айнан Шотландиядир. Бундан ташқари, Англия, Уэльс ва иккала Ирландия ҳам келишиб олишгандек, гуруҳ босқичидан чиқишди. 

Энди бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак. Чемпионат бошларида Шимолий Ирландияни ҳеч ким жиддий қабул қилмаган эди. Уэльс эса, гуруҳдаги энг заиф жамоа, деб баҳоланган эди. Амалда эса, эндиликда улардан бири ҳатто 8 та энг кучли жамоалар таркибидан жой олиш имконига эга. 

Модрич жамоадоши Роналдуга қарши

Хорватия – Португалия. 25 июня, 23:59

Ҳа, бу иккала ажойиб иқтидор соҳиблари бир жамоада тўп тепишади. Бироқ иккиси икки олам гўё. Криштиану ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Шундай бўлса ҳам, ўзига бино қўйганлигини қайд этиш жоиз. Лука Модрич эса унинг акси: камтар, босиқ, жамоа билан ўйнашни хуш кўрадиган, газета муқоваларида кўп ҳам кўзга ташланмайдиган ўйинчи. Аммо уларни боғлаб турадиган бир жиҳат бор. У ҳам бўлса, бир ўзи ўйин тизгинини бошқара оладиган футболчилар. 

Анрининг қўлидан қасос олиш имконияти

Франция - Ирландия. 26 июнь, 17:59

Айтиш жоизки, Ирландия шундай ёрқин томоша кўрсатиши учун ҳам Евронинг плей-офф босқичига чиқиши керак эди. Зумрад ороли аҳолиси, 2009 йилда уларнинг севимли жамоасини Франция вакили Тьерри Анри рақиб жарима майдонида қўли билан голли узатма қилиб, Ирландияни Жаҳон чемпионатига чиқиш имконидан маҳрум қилганини ёдларидан кўтаришмагани аниқ. Ўша мағлубият ирландлар қалбида оғир жароҳат қолдирган. Шунга кўра, жамоа футболчилари ҳам ўч олишни қасд қилиб туришгани табиий. 

Энди тасаввур қилинг-а, бу сафар ҳам ҳакамлар Францияга "ёрдам" берворишса нима бўларкин?!

Словакия термаси бир ойда иккинчи марта Германияни мағлуб этишга уриниб кўради

Германия – Словакия. 26 июня, 20:59

Қайд этиш керак, Германия Ян Козак шогирдлари хавфсирайдиган жамоалардан эмаслиги тайин. Немис машинаси бир ойлар муқаддам, айнан Словакиядан мағлубият аламини татиб кўрганди. Албатта у ўртоқлик учрашуви бўлганди. Унда словаклар 3-0 ҳисобида рақибини доғда қолдирганди. Аммо бу сафар ҳам словаклар байрами давом этармикан?

Евронинг кашфиётларидан бири, энг тўпурар жамоаси

Венгрия – Бельгия. 26 июня, 23:59

Венгрия – энг тўпурар жамоа? Ҳа, шундай, гарчи сиз бунга қўшилишни истамасангиз ҳам, натижа фикрни исботлаб турибди. 
Бельгия билан ўйин олдидан Венгриянинг Португалияни қанчалик шошириб қўйганини ёдга олиш кифоя, наздимда. Венгрлар жамоаси, айнан жамоавий ўйин кўрсатиш билан рақибларини доғда қолдиришнинг уддасидан чиқишмоқда. 

Евро-2016да футбол фалсафалари тўқнашуви

Италия - Испания. 27 июнь, 20:59

Италия Испанияга қарши. Бу ўйин тактик ўйинлар мухлислари учун нақ 90 дақиқалик ҳузур-ҳаловатни тақдим этиши шубҳасиз. Ҳимояда ўйнаш тарафдорлари ҳужумкор ўйин мухлислари билан мунозаралар ўтказиши учун бош сабаб. Аслида, Антонио Конте ва Висенте Дель Боске ҳам жамоавий ўйинни маъқул кўради. Фақат улар буни ўйинда бошқача қўллашади.

Музликлар диёри Исландия ўз эртагини давом эттирадими?

Исландия-Англия. 27 июнь, 23:59.

Айтиш мумкинки, Исландиянинг қарийб барча эр аҳолиси оролни тарк этиб, Ниццада янги Исландия шаҳрига асос солишган, десак муболаға бўлмас. Мамлакат фуқаросининг ҳар ўнинчиси Францияга келиб, миллий терма жамоасига мухлислик қилмоқда. Айни шу ҳолат, Исландиядаги президентлик сайлови тақдирини ҳам хавф остига қўйди. Исландия термаси футболкалари савдоси эса, 1800 фоизга ўсган. Эндиликда, улар гуруҳ босқичидаги ажойиб ўйинларидан сўнг, Англия синовидан ўтишга уриниб кўради. 

Оролликлар аллақачон қаҳрамонга айланишга  улгуриб, венгерлар каби мусобақа кашфиётларидан бири бўлишди. Аммо тасаввур қилинг, асли гандболчи Арон Гуннарссон жамоаси Руни, Кейн ва Вардиларни уйларига кузатиб қўйишса, қанақа шов-шув кўтарилади? Бу «Лестер» эртагидан ҳам таъсирлироқ бўлиши аниқ.

Манба: Tribuna.Uz

Top