18:53 / 27.06.2016
7872

Италия-Испания. «Қизиллар» ва «Кўклар» жанги

Бугун Европа чемпионатининг барча чорак финалчилари аниқланади. Париждаги «Стад де Франс» стадионида Испания ҳамда Италия терма жамоалари 1/8 финалининг марказий баҳсида майдонга тушишади. Ўйин Тошкент вақти билан 21:00да бошланади.

Испания мусобақани «D» гуруҳида бошлади ва иккинчи ўринни эгаллади. Мусобақанинг амалдаги чемпионлари Туркия ва Чехияни мағлуб этишди. Охирги турда эса Хорватияга мағлуб бўлишди.

Италия ўзи қатнашган «E» гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Конте шогирдлари дастлабки икки турда Бельгия ва Швецияни мағлуб этиб, биринчи ўрин масаласини муддатидан олдин ҳал қилишди. Улар учун керак бўлмаган Ирландияга қарши ўйинда иккинчи таркиб билан ўйнаб мағлуб бўлишди.

Бу ўйинни томоша қилиш учун яна бир сабаб бор. Улар ўтган Европа чемпионатининг финалида тўқнаш келишган ва ўша ўйинда Испания 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Италия бугун ўша мағлубият учун ҳам икки ҳисса куч билан ўйнайди.

Испания ҳамда Италия терма жамоалари ўртасидаги ўйинни томоша қилиш имконингиз бўлмаса, tribuna.uz сайтида олиб бориладиган матнли репортажни кузатиб боринг.

Top