Спорт | 11:40 / 28.06.2016
4234
2 дақиқада ўқилади

Испаниялик мухлислар дель Боскени терма жамоа бош мураббийи сифатида кўришни исташмаяпти

Испания терма жамоаси мухлислари Европа чемпионати нимчорак финалида Италияга учралган мағлубиятдан кейин Висенте дель Боскени миллий терма жамоа бошқарувида кўришни исташмаяпти. Мухлислар "Қизил фурия"нинг ЖЧ-2014 ва Euro-2016 турнирларидаги муваффақиятсизлигида айнан ушбу мутахассисни бош айбдор сифатида кўришмоқда.

Marca нашри шу бўйича сўровнома ўтказган. Унинг натижаларига кўра, респондентларнинг 94,05 фоизи дель Боскенинг истеъфога чиқарилишини истайди, фақат 5,95 фоиз киши 65 ёшли ушбу мураббийни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Нашр мухлислардан Испания терма жамоасига кейинги бош мураббий ким бўлиши хусусида ҳам сўровнома ташкил этган. Унга кўра терма жамоа бошқарувига келиши мумкин бўлган номзодлар ичида "Райо Вальекано" билан Испания чемпионатида қуйи лигага тушиб кетган, бироз олдин "Гранада"га бош мураббий сифатида тайинланган Пако Хемес (28,18 фоиз) етакчилик қилмоқда.

Номзодлар қаторида "Атлетик" мураббийи Эрнесто Вальверде (15,92 фоиз) ва "Вильярреал" устози Марселино Гарсия Тораль (12,01 фоиз) номлари ҳам бор.

Манба: Tribuna.uz