11:35 / 01.07.2016
9520

Беларусда 7та янги банкнота муомалага киритилмоқда

Беларусда 1 июлга ўтар кечаси 10 000:1 нисбатда деноминация бўлиб ўтиб, еттита янги банкнота ва саккизта янги танга муомалага киритилиши бошланди. Бу ҳақдаги тегишли фармон Беларусь президенти Александр Лукашенко томонидан 2015 йилнинг 4 ноябрида имзоланганди.

2016 йил 1 июлидан 31 декабрига қадар эски ва янги купюралар эркин муомалада бўлади. Эски пул белгилари 2017 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар БМБ, Беларусь банклари ва банк ҳисобланмаган кредит-молия муассасаларида, 2020 йил 1 январдан 2021 йил 31 декабргача эса Миллий банкда чекловларсиз янгиларига алмаштирилади. 

«Наша Нива» хабарига кўра, янги беларусь рубли сифатида муомалага 7та банкнота киритилмоқда: 5, 10, 20, 50, 100, 200 ва 500 рубллик. Шунингдек, 1, 2, 5, 10, 20 ва 50 копейкалик, 1 ва 2 рубллик тангалар пайдо бўлди. Энг кичик банкнота эски 50 минг Беларусь рублига тўғри келади. Янги купюра ва тангаларнинг бутун тўплами 888 рубль ва 88 тийинни ташкил этади.

1 июль куни ҳолатига кўра янги 1 беларусь рубли Россиянинг 32 рублига ёки, АҚШнинг 0,5 долларига тўғри келмоқда.

Бу деноминация Беларусь мустақилликка эришганидан буён ўтказилган учинчиси бўлди. 1994 йилда рубль 10:1 нисбатида, 2000 йили 1000:1 нисбатидан деноминация қилинганди.

17 июнь куни Беларусь президенти Александр Лукашенко деноминация вақтида нархларни оширганлик учун «бошни олиши» ҳақида айтиб ўтганди.

Top