Ўзбекистон | 19:21 / 05.07.2016
22532
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Рамазон ҳайити нега 6 июль санасида белгиланганлигига ойдинлик киритилди

Ўзбекистонда Рамазон ҳайитининг биринчи кунини белгилашда, Астрономия институтининг ҳилол - янги ойни кўриш ҳақидаги хулосаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг қарори асос қилиниб, жорий йилнинг 6 июль чоршанба куни Рамазон-ҳайити биринчи кунига тўғри келиши маълум бўлди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита масжидлар билан ишлаш бўлими мудири М.Йўлдошев маълум қилмоқда.

Жорий йилда ҳижрий-қамарий тақвимга биноан Рамазон ойи 30 кун бўлиб, араб мамлакатларининг ойни кузатиш марказлари хулосасига кўра, мусулмон давлатлари, жумладан, Саудия Арабистонида ҳам Рамазон ҳайитининг биринчи куни 6 июль кунига тўғри келиши тахмин қилинмокда.

Айни пайтда, таъкидаш жоизки, Саудия Арабистонида ҳайитнинг биринчи кунини белгилаш Расулуллоҳнинг (с.а.в.) “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни куриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифларига асосан махсус тузилган уламолар гуруҳи томонидан Рамазон ойининг охирги куни кўз билан ойни кўриш орқали амалга оширилади. Шунга кўра, Рамазон ҳайитининг биринчи кунини белгилашда тафовут юзага келиб қолиши ҳолатлари мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Астрономия институти берган маълумотга кўра жорий йилда Ўзбекистонда ҳилолнинг кўриниши 5 июль куни Қуёш ботгандан сўнг кузатилади. Шунга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 6 июль кунини ҳайитнинг биринчи куни, деб эълон қилиниши ҳақида қарор қабул қилинди.

Бундай тўхтамга келиниши Ислом таълимотига мувофиқ, Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифларига мос келади.

Рамазон ойининг юртимизда тўлиқ 30 кун давом этиши азалий миллий ва диний қадриятларимиз ҳамда урф-одатларимизга мос ва ҳамоҳанг ҳисобланади.